Ўзбекистон | 15:17 / 28.05.2020
75047
2 дақиқада ўқилади

Президент ҳузуридаги институтнинг собиқ директори давлатга хоинлик қилишда айбланиб 12 йилга қамалди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти собиқ директори¸ 61 яшар Рафик Сайфулин 12 йилга қамалди.

Рафик Сайфулин

2020 йил 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хоинлик қилиш) 1-қисми ва 248-моддаси (қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган Рафик Сайфулинга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабарига кўра, бир неча ой давомида ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинди.

Тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчининг важлари текширилди.

Суд судланувчи Р. Сайфулинни юқорида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади, дейилади хабарда.

Р. Сайфулин 1994 йилдан 1995 йилгача Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Статистика қўмитасида фаолият олиб борган. 

Кейинчалик у Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори сифатида ишлаган.

Мавзуга оид