Жаҳон | 23:00 / 11.03.2026
8567
4 дақиқада ўқилади

Ғарбий Европада АҚШ-Эрон урушининг биринчи кунида сирли радиостанция ишга тушди

У эфирга фақат форс тилидаги рақамлар тўпламини узатмоқда. Афтидан, МРБ Эрондаги агентларга бошқа алоқа турлари бўлмагани ҳолда хабарларни шундай етказмоқда.

Фото: Financial Times

АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми куни Ғарбий Европада форс тилидаги янги рақамли радиостанция иш бошлади, деб ёзди Financial Times. Нашр томонидан сўралган экспертларнинг фикрича, шу тариқа АҚШ Эрон ичидаги ўзининг чуқур яширин агентлари билан алоқани сақлаб қолмоқда.

Рақамли радиостанциялардан ўнлаб йиллар давомида бутун дунё бўйлаб махфий хабарларни узатиш учун махсус хизматлар ва ҳарбийлар фойдаланиб келмоқда. Оператор рақамли кодни эфирга ўқиб беради, агент эса сигнални оддий радио орқали қабул қилади ва ўзига олдиндан маълум бўлган калит ёрдамида унинг мазмунини очади.

Бундай узатиш усули ўта содда, ишончли ва хавфсиз ҳисобланади. Сигнални юзлаб километр масофадан олиш мумкин, бунинг учун фақат радио ва блокнот керак - аслида, агентни фақат хабар мазмунини ўқиш пайтида жиноят устида қўлга олиш орқали фош қилиш мумкин. Частоталарни сўндиришдан бошқа станцияларга қарши курашишнинг самарали усуллари мавжуд эмас. Дунёдаги исталган одам трансляцияга мослашиши мумкинлиги ҳам муаммо эмас - калитсиз хабарни очиқлаб бўлмайди.

Совуқ уруш даврида рақамли радиостанциялар айниқса машҳур эди, аммо кейинчалик махсус хизматлар интернетга асосланган шифрланган хабарларни узатишнинг янада замонавий усулларидан фойдалана бошлади.

Янги радиостанция ўзининг биринчи сигналларини 28 февралда узатди: улар форс тилида «эътибор» сўзи билан бошланиб, кейин рақамлар терилди. Сигналлар кунига икки марта - Теҳрон вақти билан 5:30 ва 21:30 да ҳар бири бир ярим соат давом этган. Иш бошланганидан кўп ўтмай, радиостанциялар узилишлар билан ишлай бошлади - экспертларнинг фикрига кўра, Эрон уларни ўчиришга ҳаракат қилган. Бироқ орадан бир неча кун ўтгач, радиостанция шунчаки янги частотага ўтди.

Financial Times билан суҳбатлашган экспертларнинг таъкидлашича, станция урушнинг биринчи кунида, Эрон ҳукумати мамлакатнинг ташқи дунё билан алоқаларини кескин чеклаганида иш бошлаган. Эҳтимол, шу сабабли радиоэшиттириш агентларга шошилинч маълумот етказишнинг ягона усули бўлиб қолган.

«Эҳтимол, бу Эрон ичидаги манбаларимиз учун захира алоқадир. Улар алоқани узмаслик керак бўлган одамлар. Агар сиз жанг қилмоқчи бўлсангиз, бу мукаммал захира варианти», деди Марказий разведка бошқармасининг Москвадаги бўлинмаси собиқ раҳбари Жон Сифер.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси учун Эрон оператив иш олиб боришга энг қийин мамлакатлардан бири ҳисобланади, чунки бу мамлакатда АҚШ элчихонаси йўқ, бу эса дипломатик миссия ниқоби остида стандарт разведка амалиётини имконсиз қилади. Шунинг учун Эрон билан боғлиқ вазиятда агентлар билан масофадан туриб алоқа ўрнатишнинг ишончли механизмлари АҚШ учун алоҳида аҳамиятга эга.

«Агар Эрон ёки Шимолий Корея билан ишлаган бўлсангиз, [рақамли радиостанциялар каби] нарсалар сиз учун ғайриоддий бўлмайди. Бу ҳақиқатан ҳам ишлайдиган эски моделлардан бири», деди Жон Сифер.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид