ДХХ «опий» ва «гашиш» гиёҳванд моддаларини мусодара қилди
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 6 кг 382 гр. “гашиш” ва 997 гр. “опий” гиёҳванд моддалари мусодара қилинди.
ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида “Андижон – Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия-2” русумли автомашина Қўқон шаҳрига киришда тўхтатилди.
Автомашина кўздан кечирилганда унинг салонида Андижон туманида яшовчи, 1978 й.т. Ҳ.Х. йўловчи сифатида кетаётганлиги, автомобил юкхонасида эса унга тегишли целлофан пакетда 5 кг «гашиш» гиёҳванд моддаси борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, ушбу оғуни қирғизистонлик шахслар айланма йўллар орқали Андижон вилояти Хўжаобод туманига олиб ўтиб, Ҳ.Х.га беришади.
Ҳ.Х. эса гиёҳвандлик воситасининг 4 кг.ни Қўқон шаҳрида яшовчи, 1978 й.т. Т.М.га, 1 кг.ни эса Фарғона туманида яшовчи, 1984 й.т. А.К.га етказиб бериши кераклиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилди. Натижада Қўқон шаҳрида ўтказилган тадбирлар жараёнида икки харидор ҳам гиёҳванд моддаларни олаётган вақтларида ушланди.
Таъкидланишича, Т.М. муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун 2007 йилда жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан Жиноят Кодексининг 273-моддаси билан айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. А.К. 2015 йилда Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан айбланиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган, 2020 йилдан эса ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган бўлган.
ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси ва вилоят божхона бошқармасининг контрабандага қарши кураш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Гурлан тумани Шоликор қишлоғидан ўтувчи йўл бўйида тўхтаб турган “Ласетти” русумли автомашина кўздан кечирилди.
Натижада, автомобилнинг олд ўриндиғи остидан 997 гр. “опий” гиёҳвандлик воситаси топилди ва у машинада йўловчи сифатида кетаётган И.М.га тегишли эканлиги маълум бўлди.
Қўшкўпир туманида яшовчи, 1970 й.т. И.М. ҳам муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун ҳозирда озодликни чеклаш жазосини ўтаётган бўлган.
ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан хизмат ўташ вақтида Андижон вилояти Пахтаобод тумани “Уйғур” қишлоғи ҳудудидан ўтувчи “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасида Қирғизистон томонидан улоқтирилган 587 гр. “гашиш” моддаси топилди. Ҳозирда, мазкур гиёҳванд модданинг кимга тегишли эканлигини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Шунингдек, Пахтаобод туманида яна бир ҳолат қайд этилиб, унда 1990 й.т. маҳаллий фуқаролар Э.Э. ва А.Ҳ. чегараолди ҳудудда ДХХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, текширилганда, уларнинг ёнидан 504 гр. “гашиш” моддаси топилди.
Аниқланишича, ушбу гиёҳванд модда ҳам қирғизистонлик шахслар томонидан “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасини ажратиб турувчи симтўсиқлар устидан мамлакат ҳудудига улоқтирилган.
ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимларининг ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида Нукус шаҳрида яшовчи, 1985 й.т. Ш.А. 5,6 гр “гашиш” моддасини 400 минг сўмга сотаётган вақтда қўлга олинди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Ш.А. мазкур гиёҳванд моддани 1975 й.т. К.Ш.дан олганлиги аниқланди. К.Ш.нинг Нукус шаҳридаги яшаш манзили кўздан кечирилганда 285,4 гр. “гашиш” моддаси топилди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 6 кг 382 гр. “гашиш” ва 997 гр. “опий” гиёҳванд моддалари мусодара қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:46 / 09.11.2024
Учта вилоят ва Тошкент шаҳрида гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди
10:23 / 07.11.2024
ДХХ: Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари озодликдан маҳрум этилди
14:41 / 06.11.2024