28 май куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида, вазирлик, Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакили, ХМТ, АҚШ халқаро бизнес кенгаши, АҚШ Меҳнат департаменти, Америка кийим ва пойабзал ишлаб чиқарувчилар уюшмаси, Адолатли меҳнат уюшмаси вакиллари ҳамда Cotton Campaign координатори иштирокида вебинар бўлиб ўтди.
“Пахтадан сўнг: ўрганилган дарслар ва Ўзбекистон учун истиқболлар” мавзусида ташкил этилган вебинарда, Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатининг ҳар қандай кўринишига буткул барҳам беришга қаратилган ислоҳотларнинг самараси, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик натижалари, мақсадга эришишда фуқаролик жамиятларининг роли ҳақида сўз борди.
Иштирокчилар, шунингдек, томонлар ўртасидаги келгусидаги ҳамкорликни давом эттиришга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган хавотирлар, Ўзбекистон ҳукуматининг келгуси режалари ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, муносиб иш ўринларини барпо қилиш соҳасидаги муҳим қадамлари хусусида фикр алмашилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов вебинар доирасида Kun.uz мухбирининг айрим саволларига жавоб берди.

Cotton Campaign БММВ вазири Нозим Ҳусановнинг Ўзбекистон пахтасига жорий қилинган санкцияни бекор қилиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватламади. Вазирлик ва умуман Ўзбекистон ҳукумати бу борада навбатдаги қадами қандай бўлади?
Cotton Campaign мурожаатимизни қўллаб-қувватламади, дейиш қийин. Чунки уларнинг жавобини синчиклаб қарайдиган бўлсак, биринчи маротаба, бойкотни олиб ташлаганимизда ҳам айрим хорижий ишлаб чиқарувчилар бу қарорни қўллаб-қувватламаслиги мумкин, деган фикрни билдирди. Яъни, бойкотни бекор қилишни ишлаб чиқарувчиларнинг ўзларига қолдирмоқда.
Биз буни эшитганимиздан сўнг, бевосита хорижий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилишга қарор қилдик. Шу масалада вебинар ҳам ташкил этилди. Эндиликда, биз бевосита ишлаб чиқарувчилар билан мулоқот қилиш, музокаралар ўтказиш имконига эга бўлдик.
Биз муаммони ҳал этиш бўйича 4 томонлама механизм таклиф этяпмиз:
- Бизга эътирози нима?
- Уларнинг хавотири нима?
- Бизнинг кластерлар нима учун улар билан ҳамкорлик қила олмайди?














