Жамият | 17:08 / 01.06.2020
3511
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда онлайн хайрия пойгаси ўтказилмоқда

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан онлайн хайрия пойгаси ўтказилмоқда. Мазкур хайрия тадбиридан тушадиган маблағлар Ўзбекистондаги интернатлардан бирини қўллаб-қувватлашга ҳамда аутизм билан касалланган болалар учун иш юритиш буюмлари ва бадиий тўпламларни харид қилиш учун сарфланади. Бу ҳақида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълум қилди.

Хайрия пойгаси учун рўйхатдан ўтиш бугун, 1 июн куни старт олади. 2020 йилнинг ёз мавсуми якунига қадар онлайн-мусобақада иштирок этиш мумкин. Бунинг учун “Samarkand Half Marathon" веб-сайтида рўйхатдан ўтиш керак бўлади. Учта масофадан бирини танлаган ҳолда иштирок учун тўлов амалга оширилади.

Масофани ҳар бир иштирокчи ўзига қулай вақтда ва қулай жойда босиб ўтиши мумкин. Югуриш амалга оширилганлигини тасдиқлаш учун яриммарафон сайтидаги ҳар қандай фитнес дастуридан GPS-трекни юклаб олиш кифоя. Мусобақа сўнгида барча иштирокчилар "Samarkand Half Marathon"нинг 2019 йилги мемориал медалларига эга бўлишади.

Пандемия шароитида миллионлаб одамлар уйда қолишга мажбур бўлмоқда ва мамлакатнинг ҳар бир фуқароси бугун кам ҳаракатликни ўз бошидан ўтказиб, бунинг машаққатини англаб етмоқда. Карантин режими тугаб, барча одатий ҳаётга қайтиши мумкин бўлади, аммо бутун мамлакат бўйлаб минглаб ногиронлиги бўлган шахслар ва соғлиғи билан боғлиқ муаммолари мавжуд бўлган инсонлар учун ўз-ўзини мажбурий равишда изоляция қилиш одатий ҳолга айланиб улгурган. Мазкур хайрия тадбирининг асосий мақсади бу вазиятни тузатиш мумкинлигини эслатиб қўйишдир.

Хайрия пойгасига рўйхатдан ўтиш учун: https://samarqand21.uz/

Мавзуга оид