Иқтисодиёт | 15:09 / 02.06.2020
4832
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки: Пандемия даврида қишлоқ хўжалиги Марказий Осиё иқтисодиётини барқарорлаштиришга қодир 

Кейинги икки ойда Жаҳон банки Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга 370 миллион доллардан зиёд миқдорда маблағ ажратди.

COVID-19 пандемияси жаҳон озиқ-овқат бозорларининг сезиларли даражада беқарорлашига олиб келмади. Аммо унинг оқибатлари Марказий Осиё мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига маълум даражада таҳдид солмоқда. Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича етакчи иқтисодчиси Сергий Зоря ана шундай фикр билдирди.

Қайд этилишича, қисқа муддатли истиқболда (1-3 ой) минтақа давлатлари муайян қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Масалан, айрим озиқ-овқат турлари нархларининг ошиши ва даромадлар камайиши туфайли аҳолининг заиф гуруҳлари уларни сотиб олиши қийинлашиши мумкин. Шунингдек, хом ашё (уруғлар ва ўғитлар) етказиш занжиридаги узилишлар қишлоқ хўжалиги ишларининг кечикишига олиб келади ва келажакда турли экинлар ҳосилига салбий таъсир қилади.

Ўрта муддатли истиқболда (6 ойгача) иқтисодий пасайиш, меҳнат муҳожирлари пул ўтказмаларининг камайиши ва минтақа мамлакатларида миллий валюталарнинг қадрсизланиши натижасида ички озиқ-овқат истеъмолининг тушиши кутилмоқда. Бундан ташқари, иқтисодий инқироз аҳолининг харид қобилиятига таъсир кўрсатган Россияда Марказий Осиё мева-сабзавотларига талабнинг пасайиши кутилмоқда. Шунингдек, карантин чекловлари жорий этилганлиги сабабли жабр кўрган маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари кредитларни тўлашда қийинчиликларга дуч келиши мумкин. 

Марказий Осиё мамлакатлари пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини кучайтириш ва қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат секторини қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор чораларни кўрди. Хусусан, минтақа ҳукуматлари давлат озиқ-овқат захираларини ишга туширди ва захираларни кўпайтирди, озиқ-овқат нархлари устидан маъмурий назорат ўрнатди, экспорт чекловлари ва импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларига тарифларни пасайтириш ҳисобига уларнинг нархларини пасайтирди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш ва ушбу соҳада ишчиларнинг ҳаракатланишига қўйилган чекловларни олиб ташлаш тезлаштирилди, шунингдек, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига улар фаолиятини рағбатлантирувчи кредитлар ва бошқа имтиёзларни қайтариш муддати кечиктирилишини таъминлади.

 “2020 йилда қишлоқ хўжалиги Марказий Осиё иқтисодиёти барқарорлиги ва минтақа мамлакатлари иқтисодиёти ўсишининг асосий омили бўлиши мумкин. Бундан ташқари, у бошқа соҳаларга қараганда кўпроқ иш жойлари билан таъминлаш имкониятига эга”, деди Сергий Зоря.

Эксперт пандемиядан сўнг ҳукуматлар Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги савдосини тиклаш, санитария ва фитосанитария хавфсизлиги соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни такомиллаштириш, давлат озиқ-овқат захираларини бошқариш, ветеринария хизматлари ва агросаноат соҳасини рақамлаштиришга инвестицияларни кўпайтиришга эътибор қаратишлари кераклигини таъкидлади.

Кейинги икки ойда Жаҳон банки соғлиқни сақлаш тизимларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва ҳимояга муҳтож гуруҳларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш учун Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга 370 миллион доллардан зиёд миқдорда фавқулодда маблағ ажратди. Минтақалар ҳукуматлари билан биргаликда вазият баҳоланмоқда ва ресурсларни қайта тақсимлаш мақсадида ушбу халқаро молиявий институт томонидан молиялаштирилаётган жорий лойиҳалар ўрганилмоқда. Жаҳон банки Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини тиклаш учун қўшимча маблағ жалб қилишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид