22:42 / 02.06.2020
3374

Онлайн меҳнат ярмаркаси, бизнес суҳбат ва  китобхонлик. Тошкентда ёшлар ойлиги ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан 1 июнь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Ёшлар куни» муносабати билан ташкил этилаётган тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Абдулазиз Назиров карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, аксарият тадбирлар айнан ижтимоий тармоқлар, радио ҳамда телеканаллар орқали ёшлар учун ўтказиладиган маърифий-кўнгилочар тадбирлар қамрови кенг, аҳамияти юқори, таъсири ҳам беқиёс бўлишини қайд этди. 

«Ёшлар куни» учун пойтахтнинг ҳар бир туманида дастур ишлаб чиқилган, шунингдек, шаҳар миқёсида ҳам қизиқарли онлайн шоулар, онлайн концертлар, спортчилар билан суҳбатлар мўлжаллаганини маълум қилди. «Ёшлар ойлиги» доирасида 1-30 июнь кунлари пойтахтимизда 300дан зиёд тадбирлар бўлиб ўтиб, жами 100 мингдан ортиқ ёшларни интернет орқали қамраб олади», –   деб таъкидлаб ўтди у. 

Маълум қилинишича, ушбу ойлик доирасида қуйидаги тадбирлар ташкил этилиши белгиланган:

Ҳар кун давомида 30 ёшга тўлмаган муваффақиятли инсонлар билан онлайн суҳбатлар;

1-10 июнь кунлари ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган;

11-20 июнь кунлари тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган;

21-30 июнь кунлари 5 ташаббусга қаратилган:

30 июнь куни онлайн гала-концерт.

Таъкидланишича, ушбу тадбирлар орасида Тошкент шаҳридаги Ёшлар марказида «Бандлик маркази»ни ташкил қилиш, ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида «Бўш иш ўринлари» тўғрисида ижтимоий тармоқлар ҳамда расмий каналлар орқали «Меҳнат ярмаркалари»ни ўтказиш мақсад қилиб олинган. Шунингдек, «Устоз-шогирд анъаналари», Сартарошлик, ҳунармандчилик каби касб эгаларидан онлайн дарслар ташкил қилиш ва фрилансерлик хонасини очилиш маросими ўтказилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик объектларига онлайн саёҳат, «Болалар овози» лойиҳаси, «Тошкент китобхон шаҳар» ва «МегаМозг» лойиҳаси амалга оширилади.

Top