Ўзбекистон | 12:55 / 02.06.2020
6403
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши учун махсус комиссия тузилди

Вазирлар Маҳкамаси 28.05.2020 йилдаги «Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 339-сон қарорни қабул қилди.

Фото: AFP 2019 / Fabrice Coffrini

Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия  Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи ва йўналишларни белгилайдиган коллегиал орган ҳисобланади. Низом билан Идоралараро комиссиянинг вазифалари ва функциялари, таркиби, фаолиятини ташкил этиш ва ишлаш тартиби белгиланган. 
 
Norma’нинг ёзишича, қуйидагилар Идоралараро комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ЖСТ Котибиятига ёки ЖСТга аъзо мамлакатларга келгусида юбориш учун Идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этилган ҳужжатларни келишиш ва тасдиқлаш;

ЖСТ қоидалари ва тамойилларига мувофиқлаштириш ва уйғунлаштириш мақсадида Идоралараро комиссия аъзолари ва соҳага оид ишчи гуруҳларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларини келишиш;

ЖСТ билан ишлаш бўйича музокаралар гуруҳи билан биргаликда стратегик масалалар бўйича, шу жумладан, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши шартлари, шунингдек, ЖСТ аъзоси бўлган мамлакатлар билан икки томонлама, кўп томонлама ва ҳар тарафлама савдо музокаралари жараёнидаги келишувлар ва шартномалар бўйича Ўзбекистоннинг умумий позициясини ишлаб чиқиш.
 
Идоралараро комиссия ўз фаолиятини йиғилишлар шаклида амалга оширади, улар бир йилда камида икки марта ўтказилади. Идоралараро комиссия йиғилишларига материалларни тайёрлаш унинг Котибияти – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ЖСТ билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилади. Кўриладиган масалалар бўйича қарорлар комиссия аъзолари томонидан очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
 
Идоралараро комиссия Вазирлар Маҳкамасига ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича ҳисобот киритади.
 
Ҳужжат 29.05.2020 йилдан кучга кирган.

Мавзуга оид