Жамият | 08:30 / 03.06.2020
5188
2 дақиқада ўқилади

Фарғона халқаро аэропортидан юкларни хорижга тўғридан-тўғри жўнатиш имконияти тикланди 

17 йиллик танаффусдан сўнг Фарғона халқаро аэропортидан юкларни хорижий давлатларга тўғридан-тўғри жўнатиш имконияти қайта тикланди.

Фото: Транспорт вазирлиги

Фарғона вилоятидан хорижга ҳўл мевалар экспорти билан шуғулланаётган RTL logistics, UZ-Segong, XinFergana корхоналари томонидан бўлган мурожаатлар ва ушбу корхоналарнинг фаолияти Транспорт вазирлигининг аэропортларни ривожлантириш ва ер усти таъминоти бошқармаси мутахассислари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.

Вазирлик хабарида айтилишича, экспортёр корхоналар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳўл меваларни Фарғона вилоятидан Қамчиқ довони орқали Тошкент халқаро аэропортига юк машиналарида етказиб бориш жараёнидаги қийинчиликлар, қолаверса, ушбу жараён транспорт харажатларининг ортиб кетишига бу эса ўз навбатида экспортга юборилаётган маҳсулотлар нархининг кўтарилишига сабаб бўлаётгани туфайли ушбу ҳудуднинг ўзидан юк авиақатновларини ташкил этиш масаласи ўрганиб чиқилди.  

Экспортёр корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида UZ-Segong ва XinFergana корхоналари томонидан экспорт учун тайёрланаётган 50 тонна гилос маҳсулоти 1 июнь куни Фарғона халқаро аэропортидан Кореянинг Сеул халқаро аэропортига тўғридан-тўғри етказилиши таъминланди.

Мазкур жараённи муваффақиятли амалга ошириш мақсадида, Наманган халқаро аэропортидан ҳаво кемаси саҳнига юкларни ортиш учун ишлатиладиган махсус техника воситалари (Triple) ҳамда Тошкент халқаро аэропортидан эса махсус европаддонлар Фарғона халқаро аэропортига олиб келинди. Ҳаво кемаси етиб келгунига қадар эса аэропортнинг юк ташувлари бўлими ходимларига махсус техникадан фойдаланиш ва юк ташиш ҳаво кемасига юкларни ортиш машғулотлари ўтказилди.

Билдирилишича, барча ташкилий масалалар муваффақиятли амалга оширилиб, 50 тонна гилос маҳсулотини Сеул шаҳрига юбориш амалиёти омадли якунланди, хорижга Фарғона халқаро аэропортидан юкларни тўғридан-тўғри юбориш имкони яратилди.

Мавзуга оид