Ўзбекистон | 16:43 / 04.06.2020
17460
3 дақиқада ўқилади

Чигирткалар Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалигига жуда катта талафот етказиши мумкинлиги маълум қилинди

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Олий Мажлис Сенатига тақдим этилган маълумотга кўра, 2020 йилнинг I чорагида Яқин Шарқ, Африка ва Осиёдаги 23 та давлатда чўл чигирткаси ёппасига тарқалиб, қишлоқ хўжалигига катта зарар етказган. Бугунги кунда мазкур мамлакатларда чўл чигирткаси тарқалишининг иккинчи тўлқини бошланган.

Баҳодир Тожиев

БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти экспертларининг хулосасида қайд этилишича, чўл чигирткалари ўттиздан ошиқ мамлакат, жумладан, Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалигига жуда катта талафот етказиши хавфи мавжуд.

“Ҳозирги кунда Африка ва Осиё давлатларида саҳро чигирткаси ёппасига кўпайиб, 15 миллион гектар майдонда учиб, бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтмоқда. Бугунги кунда уларнинг қишлоқ хўжалиги экинларига келтирган зарари 500 миллион АҚШ долларидан ошган. 

2020 йилда республикамиз бўйича зарарли чигирткаларни 597,9 минг гектарда кимёвий ишлов ўтказилиши башорат қилинган.

Жорий йилнинг 3 июнь ҳолатига кўра, республика бўйича зарарли чигирткаларнинг 336 200 гектар майдонда тарқалганлиги аниқланиб, 318 900 гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди.

Ҳозирда ҳудудларда зарарли чигирткаларга қарши курашиш тадбирлари ўтказилмоқда. Соҳа олимлари ва мутахассислари таҳлилларига кўра жорий йилда зарарли чигирткаларнинг ривожланиши ва тарқалишига об-ҳавонинг қулай келаётганлиги, июнь ойида ҳаво ҳарорати исиб кетиши билан яйловлардаги ўтларнинг қуриб қолиши натижасида зарарли чигирткаларнинг қўшни республикаларнинг чегарадош ҳудудларидан учиб ўтиши ва табиий офат тусида ўта мураккаб фавқулодда вазиятлар пайдо бўлиши хавфи мавжуд.Ушбу ҳудудларда ўз вақтида қарши курашиш чоралари ўтказилиб, яйловлар ва қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказишининг олди олинмоқда”, дейди Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев.

Сенаторнинг билдиришича, жорий йил мавсумида зарарли чигирткаларга қарши кураш тадбирларини ўтказишга 33,3 млн. сўм талаб этилган. Лекин ҳозиргача маҳаллий бюджетдан 25,3 млн. сўм ажратилган бўлиб, бу маблағ 354,4 минг гектар майдонда чигирткаларга қарши ишлов ўтказилишини таъминлайди.

“Юзага келган ҳолат тегишли хизматлардан кузатув-назорат ишларини кучайтириш, зарур кимёвий воситалар ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари захирасини ўз вақтида яратишни талаб этади. Пандемия сабабли қўшни давлатлар чегара ҳудудлари ёпилганлиги оқибатида чегарадош ҳудудларда зарарли чигирткаларга қарши курашиш тадбирлари ва ҳамкорликда кузатув-назорат ишларини ўтказишга имконият бўлмаётир. Шу боис қўшни давлатларнинг тегишли хизматлари билан телефон орқали ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, мамлакатимизда зарарли чигирткаларга қарши курашиш тадбирларида чегара қўшинлари, ФВВ, маҳаллий ҳокимликлар томонидан чоралар олиб борилмоқда. Бу борада пайдо бўлаётган муаммолар Вазирлар Маҳкамаси орқали ҳал этилмоқда. Вазият тўлиқ назоратга олинган”, дейди сенатор Баҳодир Тожиев.

Мавзуга оид