Ўзбекистон | 16:46 / 04.11.2024
5773
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 55 минг гектар майдонга зараркунанда чигиртка тухум қўйгани аниқланди

Ҳар йили зараркунанда мавжудотлар туфайли ҳосилнинг 35 фоизгача қисми нобуд бўлади. Шу сабабли куз мавсумида экин майдонлари, боғ ва токзорларда кузги «раскопка» ишлари ўтказилади.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда 278 минг 806 гектар майдонда мониторинг олиб борилиб, 55 минг гектардан ортиқ майдонда зараркунанда чигиртка тухум қўйгани аниқланди. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумот берди.

Қайд қилинишича, ҳар йили зараркунанда мавжудотлар туфайли ҳосилнинг 35 фоизгача қисми нобуд бўлади. Шу сабабли куз мавсумида экин майдонлари, боғ ва токзорларда олиб бориладиган асосий агротехник тадбирлардан бири кузги «раскопка» ҳисобланади.

Таъкидланишича, кузги мониторинг натижалари асосида 2025 йил учун зарарли чигирткалар тарқалиши мумкин бўлган ҳудудлар аниқланиб, зарур бўлган кимёвий воситалар ва ёқилғи-мойлаш материаллари захираси шакллантирилади.

2025 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунандалари, касалликлар ва бегона ўтлар кенг майдонларга тарқалиб кетишининг олдини олиш ва қишловчи авлодларни камайтириш мақсадида дала четлари, ариқ-зовур атрофларини қуриган ўсимлик қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозалаш ишлари белгиланган тартибда ўтказилади.

Мавзуга оид