Жамият | 14:07 / 04.06.2020
2564
2 дақиқада ўқилади

Пандемия даврида муаммога дуч келган тадбиркорларга бепул маслаҳат берувчи Бизнес-клиника ишламоқда

​​​​​​​БМТ Тараққиёт дастури ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун май ойидан Бизнес-клиника лойиҳасини ишга туширди. Тадбиркорлар 1094 ишонч қисқа рақамига соат 9:00дан 18:00гача қўнғироқ қилиб, бепул консультация олиши мумкин.

Пандемия туфайли юзага келаётган инқирознинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш мақсадида инқирозга қарши комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

БМТ Тараққиёт дастури томонидан ҳам Ўзбекистонда коронавирусга қарши тезкор ҳаракат қилиш механизми (Rapid Response Facility) ишлаб чиқилди. Бу механизм 3та йўналишда: эҳтиёжларни аниқлаб, улар бўйича ечим топиш, инқирозга қарши самарали бошқарув ва эрта тикланиш бўйича иш олиб бормоқда.

Эрта тикланиш йўналиши доирасида БМТ Тараққиёт дастури Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун май ойидан Бизнес-клиника лойиҳасини ишга туширди.

Бизнес-клиника пандемия даврида молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларга бизнесни тиклаш ва давлат томонидан бериладиган имтиёз ва преференциялар билан боғлиқ барча масалалар бўйича бепул маслаҳатларни бериб боради.

Айни пайтда тадбиркорлар Бизнес-клиниканинг 1094 ишонч қисқа рақамига соат 9:00дан 18:00гача қўнғироқ қилиши мумкин, бундан ташқари, қўшимча маълумотлар клиниканинг телеграм каналига ҳам жойлаштириб борилмоқда.

БМТ Тараққиёт дастури миллий консультанти Фарҳод Жабборовнинг таъкидлашича, мазкур клиника тадбиркорларга бизнесни тиклаш ва инқироздан босқичма-босқич чиқиш имкониятини берадиган солиқ, божхона, кредит ва бошқа имтиёзлар бўйича консультациялар ва маслаҳатлар бериш билан шуғулланмоқда.

«Тадбиркорлар турли мавзуларда мурожаат қилиши мумкин. Масалан, мол-мулк, солиқ имтиёзлари билан боғлиқ ҳолатларда ёки шартномада форс-мажор ҳолати шартларнинг бажарилиши каби мавзуларда маълумот сўрашяпти. Уларга консультация бериш ва бу орқали тадбиркор саводхонлигини ошириш эса муҳим», дейди Фарҳод Жабборов.

Ҳозир Бизнес-клиникада кунига ўртача 15-20та қўнғироққа жавоб берилмоқда. Ҳар сешанба ва пайшанба кунлари тадбиркор маълумот олишни хоҳлаган мавзуда экспертлар иштирокида вебинарлар ҳам ўтказиб борилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид