Жамият | 20:56 / 05.06.2020
4452
7 дақиқада ўқилади

Отабек Назиров: «Ривожланган мамлакатлардаги каби капитал бозорини яратиш учун Ўзбекистонга 5 йил керак»

Ўзбекистонда жисмоний шахслар давлат облигациялари ёки хусусий компания акцияларини сотиб олиши мумкинми?

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров «Америка овози»га интервьюсида капитал бозорини ривожланиши олдидаги тўсиқлар, компанияларнинг IPO ташкил қилиши (фонд биржасига қўшилиши) қанчалик осонлиги ва бошқа масалалар юзасидан турли саволларга жавоб берди.

Ривожланган мамлакатлардаги каби капитал бозорини яратиш учун Ўзбекистонга яна қанча вақт керак?

– Менимча, камида 5 йил вақт керак.

Беш йилни кўпчилик оптимистик қараш деб ҳисоблаши мумкин.

– Агар биз фундаментини маҳкам, қоидаларини тўғри қилиб, қура олсак, тезроқ ҳам ўсиш мумкин. Агар бошидан фундамент, қоидаларни тўғри қилолмасак, ягона сиёсат орқали ҳамма компонентларни ривожлантира олмасак, ана шунда қийналамиз. Ана шунда 10 йилда ҳам, 20 йилда ҳам бўлолмайди.

Чунки шу пайтгача 30 йилда бўлмади.

– Афсуски, 30 йилда бўлмади. Тўғри айтасиз.

Мақсадлардан бири нафақат маҳаллий иштирокчилар, балки халқаро инвесторлар учун бозор яратиш. Чунки кўплаб компанияларга хориждан инвесторлар кириши муҳим. Айтганингиздек, нафақат банк кредити орқали, балки акциялар, бошқа молиявий маҳсулотларни сотиш орқали Ўзбекистон бозори, иқтисодиёти учун инвестор йиғиш. Бунда муҳим масалалардан бири – ишонч. Яъни Ўзбекистонда нафақат бозорнинг, балки иқтисодиётда тўғри, адолатли қоидалар асосида ишлашига ишонч. Масалан, мол-мулк дахлсизлиги ва ҳимояси. Бу агентлик фаолиятига қанчалик боғлиқ билмадим. Мана шу масалаларда нималар қилиш керак? Яъни ишончни ошириш учун қонунчиликни яратишнинг ўзи кифоя қиладими? Нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?

– Ҳозирги олиб борилаётган сиёсат тўғри йўлда кетяпти. Муҳтарам президентимиз ҳам ҳар доим йиғилишларда асосий кучларини қаратяптилар. Бу адолат. Давлатимизда, давлат идораларида адолат деган нарса керак. Агар адолат бўлмаса, бу - коррупциянинг энг асосий йўллари. Бунинг учун бизга мустақил судьялар керак. Бизнес можаролар бўлган пайтда судьялар адолатли қарорларни чиқариши учун. Бу менимча бизнинг энг асосий муаммомиз. Унга кўпроқ аҳамият бериб, устида ишлашимиз керак.

Хоҳ маҳаллий, хоҳ халқаро инвесторлар шундай қонунбузарлик ҳолатларига учраганида агентлик, беш йил ичида эҳтимол пайдо бўладиган назорат қиладиган янги идоранинг бу муаммоларни ҳал қилишда ёки инвесторларни ҳимоя қилишда роли бўладими?

– Биласизми, бундай камчиликларимиз жуда ҳам кўп ва бўлган ҳам. Лекин умумий кўриб, трендимиз қандай бўлади десангиз, менимча трендимиз тўғри йўлда кетяпти. Мана ўзимизнинг агентлигимизнинг ичида, ҳозир ҳам шунақа ҳукмимиз бор. 2019 йилда фуқаролардан 5 юздан кўп мурожаат келган. Уларнинг дивидент олиш бўйича муаммолари бўлган. Агентлигимиз бу мурожаатларни олиб, ўрганиб, санкция, “предписание” деган нарса бўлади, уларга мурожаат қилиб, муаммоларни ечишга ҳаракат қилганмиз. Бўлмаган пайти прокуратурага топшириб, улар орқали ҳам муаммоларни ечишга ҳаракат қилганмиз. Ёки судьялар орқали. Бизга шундай ваколат берилган, уни ҳам ишлатганмиз. Фуқароларга 8 миллиард сўмдан кўп дивиденд тўланишида фуқароларга ёрдам бердик. Бу йил биринчи чоракнинг ўзида дивиденд масаласи бўйича уч юзтадан кўп мурожаат келди. Биз акциядорлик жамиятларидан 2,8 миллиард сўм дивиденд ундирдик. Мана шундай ютуқлар бўляпти. Менимча бу демонстрацион маълумот. Фуқаролар ҳам агентлик уларга ёрдам бераётганини кўрса, ҳукуматга ишонч ҳам ошади.

Отабек Назиров Ўзбекистон IPO қоидаларини ўзгартириш бўйича АҚШ билан ҳамкорликда янги қонун устида ишлаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтган.

Ҳозир Ўзбекистонда бирор бир компания айнан капитал бозори орқали маблағ йиғишни хоҳласа, яъни акциялар сотишни ният қилса, масалан, хорижда IPO дейилади, мана шундай бир бозор мавжудми, бу жараён ҳозир қандай ва унинг қанчалик соддалаштирилиши кутиляпти?

– Ўзбекистон қонунчилиги тарафидан кўриб чиқсангиз, IPO жараёни жудаям қийин. Чунки олдинги вақтда ёзилган қонунчилик давлат корхоналарининг IPO’сига боғланган эди. Ўзингиз тасаввур қилинг, агар давлат корхонаси IPO қилаётган бўлса, уларнинг талаблари жуда ҳам қаттиқ бўларди. Бир мисол айтаман, IPO вақтида бир фуқаронинг қўлига 1 фоиздан ортиқ акция сотилмаслиги. Шундай қоида бор. Бундан ташқари, қонуннинг ичида брокерларга талаб қўйилган. IPO қилинаётган вақтда ким сизга талабнома берадиган бўлса, уларнинг ҳаммасига қимматли қоғозни сотишингиз шарт. Бозорга тенг бўлмаган шундай қоидалар бор. Мисол учун, Нью-Йорк ёки Лондонда IPO қилинаётган вақтда воситачи инвест банклар бор. Кимга, қанақа нархдан сотилишини улар ҳал қилади. Кўпроқ эркинлик бор. Мисол учун, шу қоидани ўзгартирамиз десак, қонунчиликка ўзгартириш киритишимиз керак. Бунга ҳам камида бир йил вақт кетади.

Шу қоидаларни ўзгартириш режада борми?

– Бор. Ҳозир янги қонун устида иш кетяпти. Капитал борзорининг регуляторлик тарафидан янги қонун устида иш кетяпти. Бунда АҚШнинг Қимматли қоғозлар комиссияси, давлат департаменти, Америка Молия вазирлиги билан бирга ҳозир бунинг устида иш кетяпти. Режа бўйича йилнинг охиригача бир янги, ягона қонун ишлаб чиқишимиз керак. Эски қонунларнинг ўрнига янги қонунлар таклифини киритмоқчимиз.

Ўзбекистонда оддий фуқаролар, яъни юридик шахс бўлмаган жисмоний шахслар давлат облигациялари ёки давлат корхоналари, хусусий компания акцияларини сотиб олиши мумкинми? Бу бўйича вазият қандай ва мазкур масалада ҳам ўзгаришлар кутиляптими?

Афсуски, Ўзбекистон фуқаролари давлат облигацияларини сотиб ололмайди. Бунга тўсиқ бор. Бунинг регуляторлари Молия вазирлиги билан Марказий банк. Шунинг учун балки бу саволни улардан сўрасангиз, бундай қоида нима учун белгиланганини тушунтириб беришлари мумкин. Афсус, бу бизнинг қўлимизда эмас. Қолган корпоратив облигацияларни сотиб олиш мумкин. Лекин корпоратив облигацияларни чиқарман десангиз, уларда кўп тўсиқлар бўлган эди. Ҳозир мана худо хоҳласа, июнь ойининг ўртасида Сенатга қонун ўзгартиришлар киритилган. Корпоратив облигацияларни чиқариш учун кўпроқ эркинликлар берганмиз. Кўплаб керак бўлмаган қоидаларни олиб ташлаб, инвесторлар ва корхоналар ўзаро келишиб, қоидалар, масаларни келишиб, орқали пулни, облигацияни жалб қилиб, облигациялар чиқариш ҳисобланади.

Тўлиқ суҳбатни «Америка овози»нинг Youtube’даги саҳифаси орқали томоша қилиш мумкин.

Мавзуга оид