АҚШнинг Шарлотта шаҳрида ўзбек палови тайёрлана бошланди
Америкаликларга ош ва манти таклиф қилаётган янги ресторан – кимё муҳандислигидан тадбиркорликка қадам қўйган 27 ёшли Сарвар Назирнинг илк бизнеси. “Келгусида кўплаб шохобчалар очиш ниятим бор. Америкаликлар ўзбек таомларини билишларини ва ҳар-ҳар замонда истеъмол қилиб туришларини хоҳлайман”, – дейди у.
АҚШнинг Шимолий Каролина штати Шарлотта шаҳрида илк марта ўзбек палови сотила бошланди.
Charlotte Magazine журналининг ёзишича, буни 27 ёшли Сарвар Назир йўлга қўйган. Собиқ кимё муҳандиси шаҳарнинг Саут-Энд туманида таомларни олиб кетиш учун мўлжалланган ресторан очиб, паловни менюдаги асосий таом деб белгилаган.
Маҳаллий нашрга кўра, охирги йилларда Шарлоттада ўзига хос кулинария тажрибалари кетяпти, турли миллатлар ва элатларнинг ошхоналари очиляпти.
“Марказий Осиё таоми шаҳарда ўзининг доимий истеъмолчиларини топа оладими? Назирда бу саволга жавоб йўқ. У кўп бўлмаган тажрибасига – ош пиширишни бобосидан ўрганган – ва умидларига таяниб иш юритаётганини тан олади”, – дея ёзади журнал.
“Биз ҳозирча бозорда тажриба қилиб кўряпмиз, қани овқатларимиз одамларга ёқармикан-йўқмикан. Икки, уч, тўрт ой ишлаб кўрмоқчиман, кейин ишлар қанақа кетаётганига қараб бир тўхтамга келамиз”, – деган Назир нашр мухбири билан суҳбатда.
Шунингдек, Назир онаси билан биргаликда манти ҳам пиширяпти. Ресторанда ўзбек миллий таомлари билан бирга ачи-чучи салат ҳамда бодринг ва редискали салат ҳам таклиф этилади.
Сарвар Назирнинг сўзларига кўра, у 2023 йилга қадар аввал ҳеч ресторан очиш ҳақида ўйламаган. Унинг ўзи Ню-Йоркда, ота-онаси Отабек Назиров ва Лола Назирова 1970-йилларда Ўзбекистонда туғилган. Иқтисодчи Отабек Назиров сўнгги йилларда Ўзбекистонда бир нечта давлат идораларида масъул лавозимларда фаолият юритгани билан ўзбек жамоатчилигига таниш.
Charlotte Magazine'нинг ҳикоя қилишича, Covid пайтида оиланинг банк соҳасида ишловчи аъзоларидан бири Wells Fargo банкининг Шарлоттадаги офисига ишга жойлашгач, Ню-Йоркдаги қимматчилик ва аҳоли зичлигидан чарчаган оила жанубга кўчишга қарор қилади.
Назир 2019 йилда Ню-Йорк университетида кимё муҳандислиги бўйича даража олган. Кейин полимерлар саноатидаги Auriga Polymers компаниясида стажировка ўтаб, кейин шу компанияга ишга жойлашган, лекин бу ишда ўзини худди машинанинг бир қисмидек ҳис этган. “Бу айнан “менинг” ишим эмасди, тушуняпсизми?” дея изоҳлайди у. Назир шундан кейин бир неча йил тиббий тадқиқотчи бўлиб ишлаган, лекин бу иши ҳам уни қизиқтира олмаган. Ўша пайтда, ўзининг сўзларига кўра, Шарлоттада русча гаплашаётган одамларни эшитиб қолган ва шундан бошлаб унинг хаёлида имкониятлар гавдалана бошлаган, дея ёзади нашр.
Мухбир Сарвар билан суҳбатлашаркан, унинг онаси ва унга ош пиширишни ўргатган, ҳозирда 77 ёшда бўлган пенсиядаги бобоси Анвар Назиров ҳам уларнинг суҳбатига қўшилган.
Ошпаз-тадбиркор ўзи очган палов ресторани фаолиятини эндигина бошлагани, амбициялари катта эканини айтади.
“Келгусида кўплаб шохобчалар очиш ниятим бор. Америкаликлар ўзбек таомларини билишларини ва ҳар-ҳар замонда истеъмол қилиб туришларини хоҳлайман”, – дейди тадбиркор Сарвар Назир.
Мавзуга оид
11:50
АҚШ суди Маскнинг сиёсий лотереясини тақиқламади
14:35 / 04.11.2024
АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади
11:10 / 04.11.2024
CNN: АҚШ сайловлари Путинни Киев билан мулоқотга ундамайди
09:30 / 04.11.2024