Ўзбекистон | 23:46 / 05.06.2020
3868
2 дақиқада ўқилади

"Ўзбек киносининг келажак концепцияси" тақдимоти ўтказилди

“Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан ўзбек кинематографиясининг истиқболи, ечилиши керак бўлган муаммолар, қилиниши керак бўлган ишлар акс этган, яқин 10-15 йилга мўлжалланган режалар тақдим этилди. 

Фото: Ўзбеккино

Тадбирда сўзга чиққан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ролик шаклида тайёрланган "Ўзбек киносининг келажак концепцияси"ни тақдим қилди ва яқин йилларда ўзбек кино санъатида катта режалар тузилаётганини маълум қилди.

У жумладан, кинотеатрлар сонини кенгайтириш, кўп қаватли уйлар ертўлаларида, ёндош биноларда ихчам (30-40 кишилик) кинозаллар ташкил этиш лойиҳаларини тақдим этди. Нафақат пойтахтда, балки вилоятларда ҳам кино санъатига оид мактаблар, коллежлар ташкил этиш бўйича лойиҳалар тузилаётганини билдирди.

– Концепциямиз кўнгилдагидек амалга ошса, яқин ўн йиллар ичида “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг ҳозирги шаклига эҳтиёж қолмайди. Сабаби, дунёнинг бирор давлатида бундай ташкилот йўқ. Бор ташкилотлар ҳам фақат мувофиқлаштирувчи ёки кўмак берувчи жамғармалар шаклида фаолият юритади, – деди Ф.Абдухолиқов.

Таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов ҳам соҳага оид ўз фикрларини билдирди:

– Ўзбек киноси давлат кўмагисиз яшай олмайди. Чунки бизда кинобозор йўқ. Эътибор беринг, 34 миллион аҳоли яшайдиган давлатда бор-йўғи 31 та кинотеатр фаолият юритяпти. Бу билан қандай қилиб томошабинни жалб қила оламиз? Ҳатто “Осмондаги болалар” фильми ҳам узоқ вақт намойиш этилганига қарамай харажатни қоплай олмаган. 

Ўзи дунё бўйича фақат уч давлат – АҚШ, Ҳиндистон ва Нигериядагина киносаноат даромадли. Голливуднинг ҳам мингта фильмидан 10-15 таси катта маблағ келтиради холос, қолгани харажатни қоплаш учун югуриб юришади. Ҳатто кино ватани бўлган Францияда ҳам бу санъат фойда келтирмайди, – деди санъат арбоби.

Мавзуга оид