ЖССТдан «аразлаган» АҚШ. Бунақаси аввал ҳам бўлганди
Январда дастлаб Хитойда, сўнг дунёнинг қарийб барча мамлакатларига тарқалган коронавирус барчани бирдай шошириб қўйди. Вирус олдида нафақат тиббиёт тизими ривожланмаган камбағал давлатлар, балки энг бой мамлакатлар ҳам чорасиз қолди. Дунёнинг энг қудратли давлати бўлган АҚШнинг коронавирус билан «жангда» бу қадар қийин аҳволга тушиб қолишини кўпчилик кутмаганди. 2 миллионга яқин америкалик коронавирус юқтирган бўлса, касаллик 111 мингдан ортиқ америкалик умрига зомин бўлди.
Вирус АҚШда тобора авж билан тарқалар экан, президент Трамп унинг тарқалишида Хитойни айблашдан тўхтамаяпти. Унинг фикрича, коронавирус ҳақида Хитой ўз вақтида жаҳон ҳамжамиятини огоҳлантирмаган. Шунингдек, у Хитойни коронавирусни лабораториядаги эҳтиётсизлик ортидан тарқатиб юборишда ҳам айблади.
Кўп ўтмай Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини Хитойга етарлича чора кўрмаганликда айблаб чиқди. Табиийки, Хитой ва ЖССТ Трампнинг айбловларини рад этди, аммо Трамп фикрини ўзгартиргани йўқ. Ахир у оддий одам эмас, дунё сиёсатида ҳал қилувчи сўзни айтувчи мамлакат президенти. Трамп Хитойга санкциялар билан пўписа қилган бўлса, ЖССТга бундан буён ушбу ташкилотни молиявий қўллаб-қувватлашни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди. Унинг бу масаладаги охирги таҳдиди 30 май куни янгради. Ўша куни Трамп АҚШ ЖССТ билан барча алоқаларини узиши ҳақида гапирди.
ЖССТ ҳақида қисқача
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 1948 йилда БМТ қошида жаҳоннинг турли ҳудудларида тиббий вазиятни назорат қилиш мақсадида тузилган. Ташкилотнинг штаб-квартираси Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган. Бугун ушбу ташкилотга дунёнинг 196 давлати аъзо. Ташкилотни унга аъзо давлатлар вакиллари томонидан овоз бериш йўли билан сайланадиган бош котиб бошқаради.
Ташкилот фаолияти қитъалар бўйлаб ташкил этилган минтақавий бўлимлар орқали олиб боради. Улар 1949 йилдан 1952 йилгача ташкил этилган.
Европа бўлими идораси Дания пойтахти Копенҳаганда.
Америка бўлими идораси АҚШ пойтахти Вашингтонда.
Шарқий ва Ўрта Ер денгизи бўлими идораси Миср пойтахти Қоҳирада.
Жанубий-шарқий Осиё бўлими идораси Ҳиндистон пойтахти Деҳлида.
Тинч океанининг ғарбий қисми бўлими идораси Филиппин пойтахти Манилада.
Африка бўлими идораси Конго пойтахти Браззавилда.
Бундан ташқари, ЖССТнинг ҳар бир мамлакатда ўз вакили ва идораси бор. Бугун ташкилотга ҳозирда эфиопиялик Тедрос Адхан Гебрейесус раҳбарлик қилмоқда.
АҚШ ЖССТ бюджетининг қанча қисмини тўлаб беради?
2020 йилда ЖССТнинг турли ҳомийлик ёрдамларидан ташқари тасдиқланган бюджети 4 миллиард доллардан ошган. Бу маблағнинг 30 фоизга яқинини давлатлар аъзолик бадали сифатида тўлайди. Қолган қисми ҳомийлик маблағлари ҳисобланади.
Очиқ маълумотларга кўра, 2018-2019 йилларда АҚШнинг ЖССТга тўлаган маблағи 237 миллион долларни ташкил этган. Шунингдек, АҚШ ЖССТга кўнгилли равишда яна 656 миллион доллар ўтказиб берган. Умуман олганда, АҚШ ЖССТ умумий бюджетининг 15 фоизини қоплаб берган ва бу барча давлатлар берадиган пулнинг ярми дегани.
ЖССТни молиялаштиришда нафақат АҚШ ҳукумати, балки мамлакатдаги кўплаб нодавлат хайрия фондлари ҳам фаол қатнашади. Масалан, дунёнинг энг бой одамларидан бири ҳисобланадиган Билл Гейтс ва унинг хотини томонидан тузилган «Билл ва Мелинда Гейтс фонди» 2018-2019 йилларда ЖССТ бюджетининг қарийб 10 фоиз маблағини тўлаб берган. АҚШда бойлар ўз-ўзидан халқаро ташкилотга пул беради деб ўйлайсизми? Йўқ, АҚШ дунёнинг энг бой давлати сифатида камбағал давлатларга тиббий ёрдам берадиган ЖССТга кўпроқ пул бериш масъулиятини ҳис қилган ҳолда компанияларни шунга тарғиб қилади.
Шунингдек, дунёнинг ривожланган иқтисодий давлатлари Буюк Британия, Германия, Япония ҳам бу ташкилот учун салмоқли маблағлар ажратади. ЖССТ учун ташкилот бюджетининг 15 фоизини тўлаб берувчи АҚШ билан алоқаларни узиш манфаатли эмас.
Лекин бир нарсани тўғри тушуниш керак, АҚШ ЖССТга маблағ ажратишни тўхтатса ҳам, ташкилот ишлашда давом этаверади. Фақат молиявий тарафдан бироз қийин бўлади ва шу сабабли ташкилот ўз харажатларини қисқартириши лозим бўлади.
Бу биринчи марта эмас...
АҚШ учун халқаро ташкилотларни молиялаштиришни тўхтатиш янгилик эмас. 2011 йил 31 октябрда БМТнинг фан ва маданият бўлими ҳисобланган ЮНЕСКО Фаластинни ташкилот сафига тенг ҳуқуқли аъзо қилиб олиш ҳақида сайлов йўли билан қарор қабул қилди. Унгача Фаластин ЮНЕСКОда кузатувчи мақомида эди.
ЮНЕСКО Исроилни Фаластинга тегишли ҳудудлардаги тарихий шаҳарларни ва турли объектларни ноқонуний тарзда эгаллаб олган деб ҳисоблайди. Бу эса Исроилни босқинчи давлат деб тан олиш билан баробар эди. Бу иш АҚШга ёқмайди.
Айниқса ҳали БМТга ҳам доимий аъзо бўлмаган ва кузатувчи мақомида қолаётган Фаластинни ЮНЕСКО ўз сафига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиши АҚШнинг жаҳлини чиқаради. Шундан сўнг АҚШ ЮНЕСКОга Фаластинни аъзоликдан ўчириш талабини қўяди ва акс ҳолда бу ташкилотни молиялаштиришни тўхтатишини айтиб, пўписа қилади. ЮНЕСКО бунга парво қилмай АҚШ аъзолик бадалини тўламаса, уни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишини билдиради. Шундан сўнг АҚШ молиялаштиришни тўхтатади. Ўша вақтда АҚШ ҳар йили бу ташкилотга 70-80 миллион доллар атрофида маблағ ажратган ва бу ташкилот бюджетининг 20 фоизини ташкил этган.
Йиллар ўтиб АҚШнинг қарзи ярим миллиард долларга етиб қолди. ЮНЕСКО АҚШ қарзини тўламаслигига узил-кесил ишонч ҳосил қилганидан сўнг уни ташкилот ишида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилди. АҚШ 2018 йил 31 декабрь санасидан бошлаб ташкилот сафидан чиқиб кетди ва унинг таркибида кузатувчи мақомида қолди. АҚШ аъзолик бадалини тўламай қўйганидан сўнг ЮНЕСКО ўз харажатларини қайта кўриб чиқди ва бугун АҚШ иштирокисиз ҳам қониқарли фаолият кўрсатмоқда.
АҚШ ЖССТни молиялаштиришни тўхтатса нима бўлади?
Трамп АҚШ ЖССТни молиялаштиришни тўхтатиши ҳақида гапирар экан дунёнинг бошқа ривожланган давлатлари ташкилотни қўллаб-қувватлашини билдирди. Жумладан, Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари (ташқи ишлар вазири) Виржини Баттю ЖССТнинг коронавирус пандемиясига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. «Ҳозир халқаро ҳамкорликни узадиган эмас, бирлашадиган вақт», деган эди Баттю Трампнинг ЖССТ ҳақидаги гапларига жавобан.
Шунингдек, Европа Иттифоқидаги аксарият давлатлар, ундан ташқари Аргентина, Канада, Мексика, Сингапур, Чили, ЖАР ва яна бошқа кўплаб давлатлар ЖССТни қўллаб-қувватлашини билдирди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, АҚШ ўз молиявий ёрдамини тўхтатса ҳам, ЖССТ дунё бўйлаб фаолият кўрсатаверади. Ахир ЮНЕСКО Америкасиз ҳам эплаяти-ку...
Мавзуга оид
18:07 / 22.12.2024
FT: АҚШ Трамп президентлигининг биринчи кунида ЖССТдан чиқишини эълон қилиши мумкин
13:42 / 02.12.2024
Дунёда 800 миллиондан ортиқ одам диабетдан азоб чекади — тадқиқот
19:15 / 15.11.2024
ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди
18:19 / 13.11.2024