Жаҳон | 19:15
381
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесуснинг сўзларига кўра, ўтган олти йилда уюштирилган қуролли ҳужумлар оқибатида 2,4 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходими ва беморлар ҳалок бўлган.

Фото: Getty Images 

Дунёга сўнгги олти йил ичида соғлиқни сақлаш муассасаларига уюштирилган қуролли ҳужумлар оқибатида 2,4 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходими ва беморлар ҳалок бўлди, шунингдек, 5 минг киши яраланди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебрейесус маълум қилди.

Қайд этилишича, 2018 йилдан бери тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилган. «Тиббиёт муассасаларига уюштириладиган ҳужумларни мониторинг қилиш бошланган 2018 йилдан бери ЖССТ дунёнинг 21 давлати ёки ҳудудида 7,4 мингдан ортиқ ҳужумни қайд этди. Оқибатда 2,4 мингдан зиёд тиббиёт ходими ва беморлар ҳалок бўлган ҳамда 5 минг киши яраланган», — дейди Гебрейесус.

Унинг сўзларига кўра, охирги уч йилда «соғлиқни сақлаш объектлари ва ходимларига уюштирилган ҳужумлар сони, кўлами ва жиддийлиги сезиларли даражада ошган». 2024 йилда «Афғонистон, Ғазо ва Ҳаитидан ташқари, ЖССТ Ливан, Мянма, Судан, Украина ва бошқа давлатларда ҳам 1,1 мингда шу каби ҳолатларни қайд этган».

ЖССТ раҳбари жаҳон ҳамжамиятини тиббиёт муассасаларига қилинган ҳужумлар инсонларнинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқларини, халқаро ҳуқуқни бузиш эканини ва бу ҳужумлар «ҳарбий жиноятлар ёки инсониятга қарши жиноятларга тенглаштирилиши мумкинлигини» «баралла айтишга» чақирди. Бу каби ҳужумларнинг тўхтатишнинг энг яхши йўли — можароларга барҳам беришдир, дейди Гебрейесус.

Аввалроқ Исроил армияси Ғазо сектори шимолидаги учта касалхонага ҳужум қилиши оқибатида бир неча бола жароҳат олгани тўғрисида хабар берилганди. Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори Мунир Абдулла ал-Бурш Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси делегацияси ташрифи чоғида шифохоналар ўққа тутилганини таъкидлаб, Исроилнинг минтақа соғлиқни сақлаш тизимига путур етказишга уринишларига эътибор қаратган эди.

Мавзуга оид