Сўнгги 30 йил ичида дунёда қандли диабет билан касалланганлар сони икки баравар кўпайиб, 800 миллиондан ошди. Бу ҳақда халқаро тадқиқот маълумотларига таяниб The Guardian хабар бермоқда.
Lancet журналида чоп этилган глобал таҳлил натижаларига кўра, 1990 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда катта ёшли аҳоли орасида қандли диабет касаллиги тарқалиши 7 фоиздан 14 фоизгача ошиб, икки бараварга кўпайган. Энг юқори кўрсаткичлар паст ва ўрта даромадли мамлакатларда кузатилган.
Ушбу тадқиқот барча мамлакатларда қандли диабет ва уни даволаш кўрсаткичларининг илк глобал таҳлили бўлди. NCD-RisC олимлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда турли мамлакатларда ўтказилган 1000 дан ортиқ тадқиқотларни таҳлил қилди. Уларда иштирок этган 18 ва ундан катта ёшли 140 миллиондан зиёд одамнинг маълумотларидан фойдаланилди. Мамлакатлар ва минтақалар ўртасида касалликнинг тарқалиши ва даволаш усулларини юқори аниқликда таққослаш учун статистик воситалар қўлланди.
Тадқиқотда, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида тенгсизлик тобора ортиб бораётгани аниқланди. Дунё бўйлаб қандли диабетга чалиниш ҳолатларининг ярмидан кўпи тўртта мамлакатга тўғри келмоқда. 2022 йилда қандли диабет билан оғриган беморларнинг чорак қисмидан ортиғи (212 миллион) Ҳиндистонда, 148 миллиони Хитойда, 42 миллиони АҚШда ва 36 миллиони Покистонда яшовчилар бўлган. Индонезия ва Бразилияда эса мос равишда 25 миллион ва 22 миллион ҳолат қайд этилган.
Тинч океани, Кариб денгизи, Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг айрим орол давлатларида аёллар ва эркакларнинг 25 фоиздан ортиғи қандли диабет касаллигидан азият чекмоқда. Шу билан бирга, юқори даромадли Ғарб мамлакатлари орасида АҚШ (12,5 фоиз) ва Буюк Британияда (8,8 фоиз) қандли диабет билан касалланишнинг энг юқори кўрсаткичлари қайд этилган.
Аксинча, 2022 йилда қандли диабет тарқалиши Франция, Дания, Испания, Швейцария ва Швецияда аёллар орасида атиги 2-4 фоизни, Дания, Франция, Уганда, Кения, Малави, Испания ва Руандада эркаклар орасида 3-5 фоизни ташкил этган.
Дунё аҳолисининг қариши фонида семизлик билан оғриган одамлар сонининг кўпайиши сабаб диабет хавфи ортиб бормоқда.
“Қандли диабетнинг ногиронликка ва ўлимга сабаб бўлиши мумкин бўлган оқибатларини ҳисобга олсак, соғлом овқатланиш ва жисмоний машқлар ёрдамида диабетнинг олдини олиш бутун дунёда соғлиқни сақлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга”, — деди Ҳиндистондаги Мадрас диабет тадқиқотлари жамғармаси ҳаммуаллифи ва президенти доктор Ранжит Моҳан Анжана.
















