«Ишда бахтсиз ҳодиса ва умумий касалликлар сони ортмоқда» — бош профпатолог билан суҳбат
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг энг кўп учрайдиган касбий хавф омилларини баҳолаш бўйича ўтказган сўнгги тадқиқотларига кўра, Европа давлатларида касаллик юкининг камида 1.6 фоизи меҳнат шароитлари сабаб юзага келиши аниқланган.
Унга кўра, хавфларнинг асосий омиллари сифатида: шикастланиш (40 фоиз), шовқин (22фоиз), канцерогенлар (18 фоиз), хавфли зарралар ва эргономик омиллар (3фоиз) келтирилган.
Сурункали касалликларнинг касбий юки сифатида эса, бел оғриғи (37 фоиз),эшитиш қобилиятининг пасайиши (16 фоиз), ўпка зарарланиши билан боғлиқ касалликлар (13 фоиз), астма (11фоиз) ва саратон (9 фоиз) кўрсатилган.
Хўш, касб касаллиги бўйича Ўзбекистондаги умумий ҳолат қандай? Бизда касбий фаолиятдаги хавфсизлик қоидаларига қанчалик амал қилинади? Қайси соҳа вакиллари орасида касб касаллигига чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда? Kun.uz мухбири шу каби саволлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош профпатологи, тиббиёт фанлари доктори Муқаддас Ҳамроқулова билан интервью уюштирди.
— Муқаддас опа, айтинг-чи, касб касаллиги ўзи қандай касаллик, унга кимлар ва қайси соҳада фаолият олиб борадиган мутахассислар чалиниши мумкин?
— Бу ёмон меҳнат шароитлари ва касбга алоқадор зарарларнинг организмга таъсири натижасида пайдо бўладиган касалликлар ҳисобланади. Касалликнинг кечиши унга сабаб бўлган зарарли омилларнинг ўзига хослиги, кучи, давомийлиги ва уларнинг биргаликдаги таъсирига боғлиқ.
Касб касаллиги ишлаб чиқаришнинг зарарли омилларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Бу касалликнинг физик (касбга алоқадор карлик, вибрация касаллиги, нур касаллиги, кессон касаллиги, баландлик касаллиги ва б.), биологик (инфекцион ва паразитар касалликлар: бруцеллёз, куйдирги) ва кимёвий омиллар таъсирида (заҳарланиш), баъзи чанглар узоқ вақт нафасга олинганда (пневмокониоз, бронхит ва б.), шунингдек, жисмоний зўриққанда ёки шикастланганда (неврит, бурсит) вужудга келадиган турлари фарқ қилинади. Унинг келиб чиқишига организмнинг ўта толиқиши ва касалликка қарши кураша олиш фаолиятининг пасайиши ҳам сабаб бўлади.
Касб касалликлари Ўзбекистонда амал қилувчи этиологик принципга асосланган касб касалликларининг рўйхатига, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июльдаги 195-сонли қарорининг 2-иловасига асосан тасдиқланади.
—Ўзбекистонда асосан қайси соҳаларда меҳнат қилаётган ишчилар касб касаллигига кўпроқ чалинади?
— Охирги йиллардаги бирламчи касб касалликлари статистикасига кўра, ер ости конларида кремний сақловчи чанг ва меҳнат шароити комплекс омиллар таъсирида меҳнат қилувчи ишчиларда учрайди. Бу ишчиларнинг асосий қисми кўп йиллик стажга эга. Улар узоқ муддат зарарли меҳнат шароитида ва иш жойидаги чанг миқдори рухсат этилган меъёрдан ортиқ бўлиши натижасида касалликка чалинган.
Касалликни аниқлаш учун замонавий ташхис усулларининг қўлланилиши натижасида унинг ривожланиши билан боғлиқ қўшимча маълумотлар олинмоқда. Бунда касалликларни ишлаб чиқариш билан боғлиқлиги далилий исботини топмоқда.
Ўзбекистонда бу касалликнинг ривожланиши эҳтимоли бўйича тиббий-профилактика чоралари ишлаб чиқилган. Бу ўз навбатида ўтказилаётган тиббий кўриклар сифатини яхшилашга ва касб касалликлари келиб чиқишини олдини олишга ҳам ёрдам беради.
— Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 18 ва 24-моддаларида корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётганларнинг касб касаллигига чалинмаслиги учун нималарга эътибор берилиши ва ташкилот раҳбарлари ишчиларга қандай шароитлар яратиб бериши белгиланган. Сизнингча, бизда бу қоидаларга қанчалик амал қилинади?
— Ходимларнинг соғлиғини сақлашда, жумладан касб касалликларининг профилактикасида меҳнат фаолиятининг ҳолати муҳим. Бир қатор қонун ва қарорларда ҳамда тармоқ меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларида алоҳида эътибор берилган.
Ўзбекистонда ходимларга тиббий-санитар хизмат кўрсатиш, касб касалликларининг профилактикаси икки йўналишда олиб борилмоқда: Меҳнат шароитларини яхшилаш ва муҳофаза қилиш; Тиббий профилактик ёрдам кўрсатиш.
Тан олиш керак, бугунги кунда ўтказилаётган даврий тиббий кўриклар сифати ва кўлами назорати сусайтирилиб юборилгани натижасида касб касалликлари илк, енгил даражада эмас, балки ўртача оғир ва оғир даражасида ташхисланмоқда, ишда бахтсиз ҳодиса ва умумий касалликлар сони ортишига сабаб бўлмоқда.
— Сиз раҳбарлик қилаётган тизим касб касаллигига чалиниши хавфи юқори бўлган ишчи ходимларни бошқа ишга ўтказиш бўйича ташкилотларга тавсия беради. Бугун бу тавсияларга ташкилотлар томонидан қанчалик амал қилинади?
— Даврий тиббий кўриклар хулосалари асосида ишчининг зарарли омиллар таъсирида ишлаши бўйича хулосани тиббий кўрик ўтказган тиббий-профилактик муассадаги шифокор-профпатолог малакасига эга мутахасис бериши мумкин.Берилган хулоса бўйича зиддиятли ҳолатлар юзага келган тақдирда, даволаш профилактика муассасаси ёки ташкилот раҳбарининг мурожаат хати асосида Санитария, гигиена ва касб касалликлари институти мутахассислари томонидан якуний хулоса берилиши мумкин.
Ўтказилаётган тиббий кўрикларнинг сифати ва натижалари бўйича хулосаларда белгиланган тадбирлар, касалланган ходимларни реабилитация қилиш ва соғломлаштириш бўйича тавсиялар баъзи ташкилотлар томонидан ўз вақтида бажарилмаяпти. Бунинг асосий сабабларидан бири назоратнинг сустлигидир. Шунингдек тиббий кўриклар натижаси бўйича берилган тавсияларнинг иш берувчи томонидан бажарилмаслиги оқибатида ишчиларда аниқланган касалликлар оғир ва ўта оғир даражадаги касалланишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон қонунчилигида ишловчи аҳоли (меҳнат ресурслари)дан иш берувчилар самарали фойдаланиши белгиланган. Ходимнинг саломатлиги ёмонлашувига олиб келувчи омиллар таъсирини олдини олиш ва бартараф этмаслик эса ушбу меҳнат ресурсини ишчанлик қобилияти ва меҳнат давомийлигини қисқартиради.
Охирги ўн йилликда ишловчи аҳолига тиббий ёрдам бериш тизимига эътибор камайиб кетди. Авваллари ишлаб-чиқариш билан боғлиқ фаолиятни юритишда корхонанинг тиббий пункти ёки тиббий-санитария қисми бўлиши кўзда тутилар эди. Бугун ушбу тизим тузилмалари аксарият корхоналарда қисқартириб юборилди.
Касб касаллигини келиб чиқиши сабабларидан яна бири вилоятлар ва туманларда ўтказилаётган тиббий кўриклар учун жавобгар шифокор касб касаллиги (профпатолог) мутахассислигига эга эмаслигидир. Шунингдек, кўпгина туман, вилоятларда профпатолог штатларининг йўқлигидир. Тиббий кўрикда иштирок этаётган мутахассис-шифокорлар эса ишлаб-чиқаришдаги зарарли меҳнат шароити каби омиллар таъсирида келиб чиқиш эҳтимоли бўлган касб касалликлари тўғрисида тушунчаларга эга эмас.
Ўтказилаётган тиббий кўриклар натижаси бўйича берилган хулосалар ижроси устидан назоратнинг сустлиги аниқланган касалликларни реабилитация қилиш ва соғломлаштириш бўйича тавсиялар ўз вақтида бажарилмаслигига сабаб бўлмоқда.
— Демак, бизда профпатологлар тайёрлаш тизимида ҳам узилиш бор...
— Тўғри, ҳозир зарарли омиллар таъсирида ишловчи ишчиларни тиббий кўрикдан ўтказувчи марказий тиббиёт бирлашмаларида профпатолог мутахассислари тайёрлашга эътибор ошмоқда. Масалан, 2012 йилдан бошлаб биринчи маротаба касб касалликлари бўйича клиник ординатура очилди. Ҳар йили касб касалликлари йўналиши бўйича ординатурани битириб чиққан бир неча профпатолог мутахассислар республика бўйича фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 2006 йилдан Тошкент врачлар малакасини ошириш институти қошида “Касб касалликлари” курси очилган. Бу ерда бир неча шифокорлар икки, уч ва беш ойлик малака ошириш тайёргарлигидан ўтиб касб касаллиги мутахассислигини олмоқда.
— Бу касалликни одатда фақат оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланувчиларда учрайди, деб тушунишади, ваҳоланки у ўқитувчи, журналист, шифокор ва бухгалтерларда ҳам кўп учрайди. Ижтимоий соҳа ходимлари ўзини қандай ҳимоялашлари керак?
— Касб касаллиги ишчига таъсир қилувчи зарарли меҳнат шароитига қараб турли тана аъзолари тўқималар фаолиятини бузилиши натижасида келиб чиқиши ҳақида гапирдим. Масалан, ўқитувчиларда кўп йиллик стажли иш давомида дарс соатлари меъёрдан кўп бўлгандаги сўзлашиш оқибатида касбий ларингит касаллиги келиб чиқиши мумкин. Тиббиёт ходимларида касбий вазифаларни бажариш жараёнида биологик ва кимёвий (дори ва дезинфекцияловчи воситалар) омиллар таъсиридаги касб касалликлар келиб чиқиш эҳтимоли бор. Мисол учун: вирусли гепатитлар, туберкулез, бронхиал астма ва бошқалар. Шунингдек, узоқ вақт тик туриб ишлаш (хирург, анестизиолог ва бошқа) оқибатида таянч-ҳаракат тизими касалликлари ривожланиши мумкин.
Бу соҳадаги инсонларда касалликнинг олдини олиш учун меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя қилишлари, иш ва дам олиш соатларини тўғри ташкил қилиш, ҳимоя воситалардан тўғри фойдаланиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, соғломлаштирувчи чора-тадбирларни ўтказилиши, соғлом турмуш тарзи принципларига риоя қилиш зарурдир.
— Коронавирусга қарши курашган шифокорларнинг касалликка чалиниш хавфи ҳам касб касалликлари доирасига киритилмоқдами?
Чунки, коронавирусга қарши курашаётган шифокорлар ҳозир 24 соатлаб ва худди уруш пайтидаги жангчидек ишлаяпти. Улар учун нималарни маслаҳат берган бўлардингиз?
— COVID-19 коронавирус пандемияси сабабли кўплаб тиббиёт ходимлари касалланган беморларга ёрдам кўрсатиш ва даволашда қатнашмоқда.
Тиббиёт ходимларининг беморлар билан яқин мулоқотда бўлганликлари, химоя воситаларидан фойдаланишда шахсий эҳтиёткорлик талабларини тўлиқ бажармаганликлари сабабли вирус юқиш 300 га яқин ҳолати кузатилди. Булар нафақат шифокорлар, улар орасида ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Бунда хизмат фаолияти давомида вирусни юқтирган тиббиёт ходимлари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ўткир касаллик юқтирган ҳисобланади.
Агар тиббиёт ходимида COVID-19 инфекцияси юқтириш натижасида даволангандан кейин орган ва тизимлар функциясини бузилишига олиб келувчи асоратлар аниқланса ва бу асорат касалликлар ходимнинг меҳнат фаолиятини олиб боришига монелик кўрсатса, яъни иш қобилиятини йўқотса ҳамда вирус иш фаолияти натижасида юққанини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлсагина касб билан боғланиши мумкин. Аммо бизга ҳужжатлари билан мурожаат қилган тиббиёт ходимларининг касаллик тарихлари ўрганиб чиқилганда, уларда даволанганларидан сўнг вирус аниқланмагани ва касаллик асорат қолдирмагани аниқланди.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.