Ўзбекистон | 19:54 / 10.10.2022
10179
2 дақиқада ўқилади

“Конда ишлаб касб касаллигига чалинган ишчига қарийб 200 млн сўм товон пули тўлаб берилади” – омбудсман

Тоғ-кон металлургия соҳасида 6 йил 10 ой давомида ишлаган жабрланувчи силикоз – бронх-ўпка аппаратининг касбий касаллигини орттирган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – омбудсманга фуқаро Б.И. суғурта шартномаси бўла туриб, суғурта товони тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилган. Тоғ-кон металлургия соҳасида 6 йил 10 ой давомида ишлаб келган мурожаат муаллифи соғлиғининг ёмонлашгани, йўтал, кўкрак қафаси, бўйин ва белдаги кучли оғриқлар ҳамда кучли заифлик сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти томонидан тиббий текширувдан ўтказилади. Унга 2022 йил 6 январь куни Силикоз — бронх-ўпка аппаратининг касбий касаллиги ташхиси қўйилади.

Мазкур мурожаат омбудсман томонидан ўрганилганда 2021 йилнинг 23 июнь куни фуқаро фаолият юритган корхона ва суғурта компанияси ўртасида “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш” шартномаси тузилгани аниқланган. Мурожаатчи касб касаллигини орттириб олган бўлса ҳам суғурта компанияси ходимлари унга суғурта томонини тўлаб беришмайди.

Омбудсман тақдимномасига асосан фуқаро Б.И. касб касаллигини орттириб олгани суғурта ҳодисаси деб тан олинади ҳамда унга 191 млн сўмдан ортиқ суғурта товони тўланиши белгиланади. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирга қадар мурожаатчига 118 млн сўмга яқин суғурта товони тўлаб берилган. Суғурта товонининг қолган 73 млн сўмдан ортиқ қисми ойма-ой тўланиши маълум қилинган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид