Ўзбекистон | 00:07 / 30.03.2017
37019
3 дақиқада ўқилади

Россияда иш вақтида майиб бўлган мигрантларга товон пули тўланади

Россия меҳнат вазирлигида Россия меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазири Максим Топилин ва Ўзбекистон меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида вазирлар ҳамда Россия ижтимоий суғурта жамғармаси раиси Андрей Кигим Россия ва Ўзбекистон томондан 1994 йил 9 сентябрда қабул қилинган "Ишчиларнинг меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ жароҳат олиши, касб касаллиги ёки соғлиғига бошқача жароҳатланиш билан зиён етгани учун товон пули олиш ҳуқуқларининг ўзаро тан олиниши ҳақидаги келишув"нинг бажарилишини мониторинг қилиш тартибини имзоладилар.  

Мониторинг келишувнинг 2- ва 3-моддаларига мувофиқ суғурта таъминоти (зиённи қоплаш учун тўлов) олувчи ҳисобланувчи ҳамда Россия ва Ўзбекистон ҳудудларида доимий яшовчи шахсларга нисбатан ўтказилади.

Россия меҳнат вазирининг айтишича, мониторинг ўтказилиши жабрланганларга тўловларни ўз вақтида тўлашни таъминлашга имкон беради.

Юқоридаги келишув ишчига меҳнатда майиб бўлиш ёки соғлиғига жароҳат етиши (жумладан, ишчининг бошқа томон ҳудудига кўчиб ўтишидан кейин меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса туфайли меҳнат қобилиятининг йўқолиши бошланиши), вафоти орқали зарар етишининг қопланиши томоннинг иш берувчиси томондан амалга оширилишини кўзда тутади.

Ишчига зарар етишига масъул иш берувчи ўзининг миллий қонунчилига кўра товон пули тўлайди.

Касб касаллигига учраган ишчи бир нечта томон ҳудудида касб касаллигини келтириб чиқариши мумкин бўлган шароитлар ва соҳаларда ишлаган ҳолатларда зиён кўрсатилган иш охирги марта бажарилган томон иш берувчиси томондан қопланади.

Вазирлар шунингдек Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларининг тартибли жалб қилиниши ҳақидаги ҳукуматлараро келишув лойиҳасини муҳокама қилдилар. Лойиҳа билан ижтиомий суғурта ва меҳнат муносабатлари масалалари тартибга солинади. 

Томонлар ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар. Азиз Абдуҳакимов қуйидаги йўналишлар: меҳнат миграцияси, ижтимоий суғурталаш, меҳнат муҳофазаси, меҳнат қонунчилигига амал қилинишини назорат қилиш, ижтимоий-меҳнат соҳасида ахборот тизимларини яратиш ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари қоидаларининг амалга оширилиши бўйича тажриба алмашишга қизиқиш билдирди.

Мавзуга оид