Жамият | 22:02 / 08.06.2020
10085
3 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабз шаҳридаги маҳалла ичимлик сувидан нега узиб ташланган?

Аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш шу куннинг долзарб муаммоларидан. Ана шундай мазмундаги мурожаат Шаҳрисабз шаҳрининг «Кулоллик» маҳалласидан таҳририятимизга келиб тушди.

Биз муаммонинг асл негизи нимадан иборатлигини ўрганиш учун Шаҳрисабзга йўл олдик. Маҳаллада бизни шу ерда истиқомат қилаётган ёши катта кишилар кутиб олишди. Биз уларга микрофон тутдик.

Маълум бўлишича, бир пайтлар маҳалладаги хонадонлар водопроводдан сув ичишган. Аммо бундан ўн йилча олдин Шаҳрисабз шаҳрида қурилиш бошлангач, аҳоли вакилларига кўра, «Кулолчилик» маҳалласи сувдан узилган. Монтаж қилинган водопровод қувурлари энди яроқсиз ҳолатга келиб бўлган.

Мурожаатчиларнинг ҳикоя қилиб беришларича, айни пайтда улар нариги кўчадаги жўмракдан оқаётган сувни ташиб олиб келиб истеъмол қилишмоқда.

Маҳаллада бир неча нафар кўзлари ожиз, биринчи гуруҳ ногиронлари бўлган инсонлар ҳам истиқомат қилишар экан.

Маҳалла аҳлининг ҳикоя қилиб беришларича, кўчаларида ёмғир сувларининг чиқиб кетиши учун дренаж ариқлари ҳам йўқ. Баҳорда ва кузда кўчаларни, ҳовлиларни сув босади.

Бу ерда ер ости сувларини ичиш мумкин эмас. Чунки хонадонлар кичкина, ҳовлиларда бир-бирига яқин қазилган ҳожатхона ўраси сув сифатини бузади. Ундан фақат суғориш ва кир ювишдагина фойдаланиш мумкин. Ана шу қудуқ ҳам ҳамма хонадонда йўқ. Шу сабабли кўпчилик кир ювиш, чўмилиш учун ҳам сувни нариги кўчадан ташиб келтиришади.

Маҳалла аҳли бу ҳақда мутасаддиларга бир неча бор мурожаат этишганини гапириб ўтишди.

Фикримизча, маҳаллага сув ўтказиш у қадар катта маблағни талаб этмайди. Маҳалла аҳли Шаҳрисабз шаҳри мутасаддиларидан ушбу маҳаллага ёрдам қўлини чўзиб, аҳоли дардига қулоқ солиб, маҳаллани ичимлик сув билан таъминлашни яқин фурсатларда давлат дастурига киритиб беришини сўрашмоқда.

«Кулоллик» маҳалласига сув қачон ўтказилади? Умуман, маҳалла аҳлини узлуксиз сув билан таъминлашнинг имкони борми? Шаҳрисабз мутасаддиларидан ушбу саволларга жавоб кутиб қоламиз.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.

Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи.

Мавзуга оид