Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шаҳрисабз аэропорти фуқаро авиацияси парвозлари учун ўз фаолиятини тиклади
Шаҳрисабз маҳаллий аэропорти 11 сентябр куни фуқаро авиациясининг парвозлари учун ўз фаолиятини тиклади.
Uzbekistan Airports хабарига кўра, Silk Avia авиакомпаниясининг Тошкентдан илк парвози маҳаллий вақт билан соат 13:10 да аэропортга бориб қўнди. Парвоз вақти 1 соат 30 дақиқани ташкил этди.
Самолёт сув аркаси билан, биринчи йўловчилар эса карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда кутиб олинди. Аэропортга парвозлар деярли 21 йилдан сўнг қайта йўлга қўйилган. Шаҳрисабз аэропорти 2003 йилнинг ноябр ойида ёпилган эди.
Шаҳрисабздан 5 км жануби-ғарбда қурилган мазкур аэропорт 1983 йилда очилган. 1983-1996 йилларда Тошкент-Шаҳрисабз йўналиши бўйича парвозлар ёз ойларида ҳафтасига 4 марта, куз-қиш мавсумида эса 3 марта амалга оширилган, шунингдек, Урганч-Шаҳрисабз йўналиши бўйича ҳам самолётлар ҳафтасига икки марта парвоз қилган. 1993-1995 - йилларда Тошкент – Қарши – Шаҳрисабз йўналишида парвозлар амалга оширилган. Ҳаво қатновлари Ан-2, Ан-24, Як-40, РЖ-85 русумли самолётларда амалга оширилган.
Айни пайтда аэропорт фуқаро авиацияси парвозларига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Узунлиги 1554 м ва эни 35 м бўлган учиш-қўниш йўлагидан, иккита самолёт ва тўртта вертолёт туриш жойига эга аэродром қуйидаги турдаги самолётларни сиғдира олади: АТР-42, АТР-72, Л-410 ва барча турдаги вертолётлар. Аэропорт мажмуаси соатига 100 йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.