Жамият | 09:55 / 13.06.2020
5934
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш имкониятлари» мавзусида халқаро онлайн вебинар ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги «Эл-юрт умиди» жамғармаси ва Республика Олий таълим кенгаши билан ҳамкорликда хориждаги ватандош-олимлар ва экспертлар иштирокида «Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш имкониятлари» мавзусида халқаро онлайн вебинари ташкил этилди.

Вебинарнинг асосий мақсади – Ўзбекистонда олий таълим тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга, хусусан, олий таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этишда АҚШ, Канада, Европа ва Австралия университетларида жорий этилган моделларнинг асосий хусусиятлари ва амалий механизмларини ўрганиш асносида эксперт маслаҳатларини беришдан иборат.

Мазкур вебинар ZOOM конференц-алоқа тизими орқали ташкил этилиб, унда спикерлар сифатида «Эл-юрт умиди» жамғармаси қошидаги Халқаро экспертлар кенгаши аъзолари – Канаданинг Нью-Брансвик Университети профессори, ҳуқуқ соҳасида фалсафа доктори Ўринов Воҳиджон Валиевич ҳамда Австралиянинг Гриффитс Университети профессори, иқтисодиёт ва молия соҳасида фалсафа доктори Акимов Александр Викторовичлар иштирок этдилар.

Вебинарда 600дан ортиқ Республика Олий таълим кенгаши ва Халқаро экспертлар кенгаши аъзолари, ОТМлар ректорлари, проректорлари, деканлари, кафедралар мудирлари ҳамда барча қизиқувчи профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар фаол иштирок этдилар. Тадбир давомида иштирокчиларнинг 30га яқин саволлари атрофида халқаро онлайн мулоқотлар ташкил этилди.

Вебинар давомида иштирокчиларга АҚШ, Канада, Европа ва Австралия университетларида жорий этилган кредит-модуль тизимининг асосий хусусиятлари кенг очиб берилди. Кредит-модуль тизими шароитида таълимнинг сифати ва шаффофлиги, бериладиган билимларнинг амалиётга тўла мослаштирилиши ҳамда талабалар билимини баҳолаш услубиётининг илғор халқаро андозаларга мослаштирилишига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда олий таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар юқори баҳоланиб, бу борада илғор хорижий тажрибани ўрганишни давом эттириш ва таълимни бошқаришнинг энг илғор моделларини Ўзбекистонда жорий этиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.

Хорижда профессионал илмий-амалий фаолият олиб бораётган малакали ва тажрибали ватандошларимиз томонидан Ўзбекистон олий таълим тизимида АҚШ, Канада, Европа ва Австралиянинг илғор университетларида кредит-модуль тизимининг самарали тажрибасини қўллаш имкониятлари ва йўналишлари бўйича қатор амалий-услубий тавсиялар берилди.

Тадбирнинг сўнггида «Эл-юрт умиди» жамғармаси ва Республика Олий таълим кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этаётган навбатдаги илмий-услубий вебинарлар, жумладан, олий таълим муассасалалари фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш масалалари борасида навбатдаги тадбирлар режалаштирилди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид