Таълим | 10:13
730
2 дақиқада ўқилади

Талабалар ўқишини кўчиришнинг янги тартиби тасдиқланди

Ўзбекистонда хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан давлат олий таълим ташкилотларига ўқишни кўчириш тартиби белгиланди. Янги регламентга мувофиқ, аризалар ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар қабул қилинади.

Фото: uza.uz

Ҳукуматнинг 299-сон қарори билан “Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан талабалар ўқишини давлат олий таълим ташкилотларига кўчириш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Регламентга кўра, мазкур йўналишдаги ваколатли давлат органи сифатида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги белгиланган.

Талабалар ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Агентликнинг махсус электрон платформаси ёки давлат хизматлари марказлари орқали ариза топшириши мумкин.

Ҳужжатга мувофиқ, аризани рад этиш учун бир қатор асослар белгиланган. Жумладан, зарур ҳужжатлар ёки маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаган бўлса, нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланса ҳамда белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаган бўлса, ариза қабул қилинмайди.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳар йили 15 июлдан 6 августга қадар кўриб чиқилади. Шундан сўнг аризани қабул қилиш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади.

Қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчига ЯИДХП ёки махсус электрон платформа орқали хабарнома юборилади.

Шунингдек, ўқишни кўчириш бўйича ўтказилган имтиҳон натижалари QR-кодли шаклда расмийлаштирилиб, имтиҳонлар якунланганидан кейин бир ҳафта ичида талабаларга тақдим этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид