Сирдарё вилояти ҳокимлиги: Сардоба фожиасидан зарар кўрмаган ўнлаб фуқаролар 40 миллионлик сертификат талаб қилган
YouTube'даги «BBC Uzbek» каналида сирдарёлик Саида Раҳматова тошқин уйига жиддий зарар етказгани, аммо маҳаллий масъуллар «сенинг уйинг яроқли», дея уни ёрдамга муҳтожлар рўйхатига қўшмаётгани ҳақида хабар тарқалди. «Тўғри, 1-совхоз, Учтомдагидек уйимиз қулаб кетмаган, лекин молхона, деворлар қулаб кетган, полларимиз чўкиб кетган», деган унда Саида Раҳматова.
Раҳматованинг сўзларига кўра, уйига жиддий зарар етмаган айрим «чўнтаги бақувват» қўшниларига ёрдам пули ажратилган. «Сенинг уйинг қуламаган, дейди. Мана, ёнимиздаги фермер икка-учталаб машинаси бор одам олган. Икки метр девори қулаган. Кўриб кетишларинг мумкин», дейди Раҳматова. У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари уйини келиб кўриб, оиланинг ёрдамга муҳтож эканлигини эътироф этиб кетган бўлса ҳам, маҳаллий ҳокимлик бундай фикрларни инобатга олмаётганини айтган.
Шу ўринда президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган оқилона сиёсат натижасида, сув тошқини талофатлари зудлик билан бартараф этилгани, талафот кўрган ҳар бир хонадонга ғамхўрлик кўрсатилаётганлиги, қисқа фурсатларда аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишлари олиб борилаётганлигини дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этаётганлигини таъкидлаш жоиз.
Сирдарё вилояти Сардоба сув омбори тошқинида талофат кўрган Оқолтин тумани «Аҳиллик» маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд уй-жойларни сув тошқинидан кейинги ҳолатини хатловдан ўтказиш бўйича туман Кенгашининг 8/32-06 сонли қарори асосида Оқолтин туман ҳокими ўринбосари О.Абдуллаев раҳбарлигидаги туман Кенгаши депутатлари, молия, кадастр ва бандликка кўмаклашиш маркази мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.
Улар томонидан «Мирзачўл» кўчасидаги 14та хонадон, «Тутзор» кўчасидаги 3та хонадон, «Бирлашган» кўчасидаги 13та хонадон, «Тикланиш» кўчасидаги 4та хонадон, «Бирлик» кўчасидаги 3та хонадон, «Халоскор» кўчасидаги 1та хонадон қайта хатловдан ўтказилиб ўрганилганда, ушбу хонадонларга тошқин натижасида хонадонларнинг томорқасига сув кирган бўлса-да, зарар кўрмаганлиги, шунга қарамай 40 миллион сўмлик сертификат талаб қилаётгани аниқланди. Ишчи гуруҳ ҳамда мутахассислар хулосасига кўра, ушбу хонадонлар талофат кўрмаган деб топилган.
Жамолова Шаҳноза хонадони. Ушбу хонадон ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда, хонадон эгаси Жамолова Шахноза сув тошқинидан 15 кун ўтиб, яъни жорий йилнинг 16 май куни қурилиши битмаган хонадонга 40 миллион сўмлик сертификат ундириш мақсадида келиб жойлашади, бундан мақсад қурилиш ишларини якунига етказиб олиб, ўзининг моддий манфаатини кўзлаган.
Бу каби ҳолат Раҳматова Саида хонадонида ҳам кузатилди. Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, ушбу девор тошқиндан анча олдин ҳам шундай ҳолатда бўлганлигини қўшнилари ҳам тасдиқлашди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу оилалар давлатимиз томонидан доимий эътиборда бўлиб, моддий кўмак олиб келганига қарамай, ўзи ишонч билдириб сайлаган маҳалла раисини, ғамҳўрлик кўрсатиб келган маҳаллий ҳокимиятни ёмон отлиққа чиқараётганлигини нима билан изоҳлаш мумкин?
Боқимандалик кайфияти вужудимизга ўрнашиб қолмаганмикан? Баъзи фуқароларимиз ҳаммасига масъул раҳбарларни айблашга ўрганиб қолган. Барча муаммоларни «тепадагилар» ҳал қилиб бериши керакдек, гўё.
Ушбу масалалар Сирдарё телеканали ижодкорлари томонидан тасвирга олиш ишлари давомида янада ойдинлик киритилиб, айрим инсонларнинг асл мақсади давлат томонидан ажратилаётган маблағлардан шахсий эҳтиёж йўлида фойдаланиб қолиш эканликлари тўлиқ ўз исботини топди.
Сардоба сув тошқинида шуни гувоҳи бўлдикки, президентимиз атрофида бутун халқимиз бирлашди, ўзбек халқидек бир-бирига суянчиқ, елкадош, оғир кунида корига ярайдиган халқ эканлигимизни яна бир бор исботладик.
Гуруч курмаксиз бўлмагани каби мана бундай шукроналик кайфиятидан йироқ бўлган фуқароларимизнинг учраётгани кишининг дилини хира қилади. Хулоса қилиш ўзингиздан...
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Мавзуга оид
21:01 / 02.03.2021
Сардоба сув омборини қайта қурувчи компания тендер орқали аниқланади
14:27 / 16.02.2021
«Сардоба сув омборини қайта қуриш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди» – Қурилиш вазирлиги расмийси
00:47 / 29.01.2021
«Сув тошқинидан зарар кўриб, кўчада қолган фуқаромиз қолмади» — Сирдарё ҳокими ўринбосари
07:53 / 30.10.2020