Жамият | 16:34 / 15.06.2020
2340
3 дақиқада ўқилади

Андижон туманида эҳтиёжманд оилаларни “темир дафтар”дан чиқариб даромадга йўналтириш ярмаркаси ўтказилди

Фото: KUN.UZ

Андижон туман ҳокимлиги эҳтиёжманд оилалар шароитини яхшилаш, уларни даромадга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича ярмарка ташкил этди.

Тадбирда тумандаги банклар аҳолига ўзларининг имтиёзли кредитлари, мини-кластерлар эчкичилик, паррандачилик ва қуёнчилик йўналишида таклифлари билан иштирок этдилар.

Банклар томонидан эҳтиёжманд оилаларга қишлоқ хўжалиги техникалари имтиёзли кредит асосида шу ернинг ўзида расмийлаштирилди. 

Ярмаркада, эчкичилик, қуёнчилик ва паррандачилик кластерларини камбағал оилаларга таклиф этаётган лойиҳаси ҳақиқатда даромад манбаига айланиши мумкин.  Туманда эчкичилик йўналишида иш олиб бораётган кластерлар камбағал оилаларга ҳамкорликда боқиш учун эчкилар тарқатади.

Бунда, кластер томонидан банк кредити ҳисобига олинган эчкилар эҳтиёжманд оилаларга 2 бошдан берилади.  Кластер эчкилардан олинган сут маҳсулотини хонадон эгаларидан йиғиб олиб, уларга маълум миқдорда ҳақ тўлайди. Фойда ҳисобидан банкдан олган кредитни кластер ўзи қоплайди.  Кластернинг асосий мақсади – эчкичилик тажрибасини эҳтиёжманд оилаларга ўргатиш ва бизнесига шерик қилиш.    

Қуёнчилик ва паррандачилик кластерлари ҳам худди шундай лойиҳалар асосида оилаларга ўз таклифларини беришди.

Тадбирда туман бандлик бўлими тавсиясига асосан ўндан зиёд эҳтиёжманд оилаларга бир сотихдан иссиқхоналар қуриб бериш режалаштирилди. Иссиқхона қуриш ишлари “Markaz bizness tomorqa xizmati” МЧЖ томонидан амалга оширилади. 1 сотих ер майдонини эгаллайдиган ҳар бир иссиқхона қиймати 4,5 млн сўмга тенг. Бу пул маблағлари бандлик бўлимининг махсус жамғармаси ҳисобидан тўланади.

Бундан ташқари, ярмаркада эҳтиёжманд оилаларга вилоят банк филиаллари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастури асосида имтиёзли банк кредитлари ажратилиши кўзда тутилган.

Ярмаркада туманнинг 200дан зиёд оила вакиллари иштирок этдилар.

                                                                                                                     Сарварбек Назаров

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид