Ўзбекистон | 20:01 / 12.10.2025
8835
2 дақиқада ўқилади

Андижонда пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган болаларни машина уриб кетди

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода олдинроқдаги Damas пиёдаларга йўл бериш учун тўхтаганига қарамай, Nexia-3 тезлигини пасайтирмагани ва болаларни уриб юборгани акс этган.

Андижон вилояти Андижон туманида пиёдалар йўлагидан ўтаётган болаларни машина уриб юборди. Андижон вилояти ЙҲХБ матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, 2025 йил 12 октябр куни соат 14:30 ларда, Андижон тумани «Қурама» МФЙ ҳудудидан ўтган А-373 халқаро аҳамиятга эга автомобил йўлининг 343 километрида 1969 йилда туғилган ҳайдовчи С.Р. ўзининг Nexia-3 русумли транспорт воситасини «Боғишамол  Жалақудуқ» йўналиши бўйлаб бошқариб кетаётиб, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлнинг ўнг тарафидан чап тарафига кесиб ўтаётган вояга етмаган пиёдалар Н.Я ва Н.И.ни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Ушбу ЙТҲ оқибатида Н.И. «Чап оёғининг ёпиқ синиши» жароҳати билан РШТТЁИМ Андижон филиалига ётқизилган. Иккинчи болада эса жароҳат қайд этилмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Андижон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид