Ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида кўп ислоҳотлар қилиняпти, қонунга риоя этилишини таъминлаш, куч ишлатиш, зўравонлик ҳолатларига чек қўйиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Лекин, афсуски, хизмат вазифасининг мазмун-моҳиятини англаб етмаган ходимлар ҳали ҳамон йўқ эмас.

Мамлакатимизда очиқ ва ошкоралик тамойили ўрнатилгани сайин турли соҳалардаги қонунбузарликлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари бузилишига бепарволик ҳолатларидан хабардор бўлмоқдамиз ва бу ҳақли равишда ғазабимизни қўзғамоқда.

Кечагина Андижон вилоятида рўй берган жиноят ички ишлар тизимида “қонунга сўзсиз итоат қилиш”, деган тушунча ишламаслигининг исботидир. Хўш, нима учун мамлакатимизнинг турли ҳудудларида бундай ҳолатлар юз бермоқда? Нега “қатъий чора кўрилди”, деб берилган ҳисоботлардан кейин яна фуқароларни қийноққа солиш, инсон ҳуқуқларини бемалол поймол қилиш кузатилмоқда? Бизнингча, бу кўрилаётган “чоралар” тор доирада қўлланиши, тизимга етарлича таъсир қилмаганининг оқибатидир.

Андижон воқеасини олайлик. Бевосита фуқарони калтаклаган “муштумзўрлар”га жиноят иши очилди, икки нафар раҳбар ишдан четлатилди. Хўп, шу билан тизим яхшиланиб қоладими? Бир онанинг навқирон ўғлини бевақт ўлимига фақат улар айбдорми?

Гумонланувчи сифатида ўша йигитни уйидан зўрлик билан олиб чиқишда, уни идорага олиб келишда қатнашганлар бунинг ноқонуний эканлигини билмасмиди? Ички ишлар идорасига олиб кирилиб, ҳеч қандай қарор, ҳужжатсиз уни “тергов” қилиш ҳолатидан идорадаги бошқа ходимлар, раҳбарлар бехабармиди? Бу биринчи шундай ҳолатмикин?..

Демократия асосида жамият барча аъзоларининг қонунга сўзсиз итоат қилиши туради, бунда, айниқса, кучишлатар тизим ходимлари ўрнак бўлишлари лозим.

Мудҳиш ҳолат буни яна бир бор кўрсатиб қўйди. Босим ўтказиш, жисмоний куч ишлатиш, қўрқувда ушлаб туриш каби ноқонуний усуллар натижа бермайди.Замон бутунлай ўзгарган, одамларнинг ғурури, қадр-қимматига тегиш яхшиликка олиб келмайди.

Айбдорлар қатъий жазоланиши масаланинг биринчи томони. Бундан кейин нафақат ички ишлар, балки бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида шаффоф ва танқидий таҳлил ўтказилиши керак. Чунки бу воқеадан кейин бошқа ҳудудларда ҳам вазият шундайми, деган жамоатчилик саволига асосли, ишонарли жавоб берилиши зарур.

Воқеа ҳақидаги хабарлар ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалди, бу ҳолат инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кенг ислоҳотлар бошланган, эски хатолар тузатилаётган пайтда мамлакат обрўсига салбий таъсир етказиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун масалага янада чуқурроқ ва кенгроқ қараш талаб этилади.