«Ногиронлиги бор шахслар учун таълим яшаш қуроли саналади»

Ойбек Исоқов, Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси раиси:

– 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйича расмий тарзда 710 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган. Уларнинг 101 минг нафари – 16 ёшгача бўлган имконияти чекланган болалардан иборат.

Бу болаларни таълимга қамраб олинишида камчиликлар бор. Масалан, таълим билан қамраб олинмаган, уйда ўтириб қолаётган имконияти чекланган болалар бор. Агар мактабларда инклюзив таълим билан қамраб олиш учун шароит яратилса, 101 минг имконияти чекланган болаларнинг 80 минг нафари бемалол мактабга бора олади.

Ҳозир «Таълим тўғрисида»ги қонун Сенат томонидан кўриб чиқиляпти. Қонуннинг 20-моддасида инклюзив таълим тўғрисидаги банд киритиляпти. Бироқ бу модда халқаро талабларга жавоб бермайди.

Моддада мактабларда ногирон болаларга шароит яратиб берилса, имконияти чекланган болалар у ерда таълим олишлари мумкинлиги айтилмоқда. Агар шароит яратилмаса-чи?

Шунинг учун биз бу борада ўз таклифларимизни ишлаб чиқдик ва Сенатга юбормоқчимиз. Унда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

Аввало, қонунда инклюзив таълим тушунчасини очиб бериш лозим. Сабаби бизда ҳозиргача бу тушунча аниқ очиб берилмаган.

Мактабларда инклюзив муҳит яратиш давлат томонидан мажбурий бўлиши керак. Ҳозирги қонунга кўра, мактабларда имкон бўлса, инклюзив таълим шароити яратилиши, имкон бўлмаса, яратилмаслиги мумкинлиги айтилган. Имконияти чекланган болалар ҳам Ўзбекистон фуқаролари, улар ҳам бошқалар қатори таълим олиш ҳуқуқига эга.

Болаларнинг сифатли таълим олиши жуда муҳим. 2019 йил ҳолатига кўра, 710 мингга яқин ногирон фуқароларнинг 609 минг нафари 16 ёшдан катталар ва уларнинг бор-йўғи 10 фоизи олий маълумотли ҳисобланади. Кўриниб турганидек, олий маълумотли ногирон фуқаролар жуда кам. Бироқ камбағалликни қисқартиришнинг асосий шартларидан бири – олий таълим бериш.

Бундан ташқари, ногиронлар учун таълим яшаш қуроли саналади. Уларда жисмоний меҳнат билан шуғулланиш имкони кам бўлади, шунинг учун сифатли таълим олиш ва олий маълумотли бўлиш орқали даромад топиш имконига эга бўлишади. Олий маълумоти бўлмаган ногиронлар кўп ҳолларда уйда ўтириб қолишади.

Айни пайтда, Ўзбекистон бўйича кам таъминланган фуқароларнинг 3 фоизи маҳаллалардаги кам таъминланганлар рўйхатида туради. Сабаби маҳалла мутасаддилари ногиронлиги бор шахснинг нафақа пулини ҳам даромад сифатида қайд этишади. Бироқ бу нафақа пули даромад эмас, ногиронлик учун тўланадиган компенсация ҳисобланади. Биз мана шуни ҳам тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз.