2019 йилда одам савдоси жинояти билан боғлиқ 710 та мурожаатдан бор йўғи 94 таси бўйича жиноят иши очилгани маълум қилинди
2019 йилда одам савдоси жинояти билан боғлиқ 710 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан атиги 94 таси, яъни 13 фоизи бўйича жиноят иши очилган. Бу ҳақда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг мажлисида маълум қилди.
Мажлисда одам савдоси билан боғлиқ мурожаатлар ҳал этилишининг қонунийлиги ҳамда ушбу турдаги жиноятларнинг аниқланиши ва судларда кўрилиши, жазо муқаррарлиги тамойили таъминланиши механизми самарали йўлга қўйилмагани тўғрисида сўз юритилди. 2019 йилда келиб тушган 710 та мурожаатдан бор йўғи 94 таси, яъни 13 фоизи бўйича жиноят иши очилгани танқид қилинди.
Қайд этилишича, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида профилактик ва ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 22 фоизга камайган. Мажбурий меҳнатга йўл қуйган 259 нафар ҳамда иш ҳақларини ўз вақтида бермаган ва меҳнат шароитлари яратмаган 56 нафар мансабдор шахсга қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жарималар қўлланилган.
“2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган бўлса-да, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича қолаётгани ҳам муҳокама марказида бўлди.
Хусусан, 2018 йилда содир этилган одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқ савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган», дейилади Сенат ахборот хизматининг хабарида.
Мажлисда маълум қилинишича, “Миграция тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги кодекси лойиҳасини халқаро экспертлар, фуқаролик жамияти вакилларини жалб қилган ҳолда янада такомиллаштириш, Халқаро меҳнат ташкилотининг 17, 183, 187-сон Конвенцияларини ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиш режалаштирилган ва мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш назарда тутилган.
2019 йилнинг ўзида мазкур йўналишлардаги фаолиятни тартибга солиш мақсадида 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бундан ташқари, ХМТ ва Халқаро миграция ташкилотининг 6 та конвенцияси ҳамда протоколлари ратификация қилинган. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Шу билан бирга, халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилган.
Мавзуга оид
22:30 / 25.10.2024
Хитойда 17 болани ўғирлаб сотган аёл ўлим жазосига ҳукм қилинди
15:55 / 09.10.2024
Тошкентда инсон аъзолари олди-сотдиси билан шуғулланган талаба жиноий жазога тортилди
20:17 / 27.09.2024
Қозоғистонда ўзининг ички органларини қарийб 19 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди
12:50 / 20.07.2024