– Келинг, суҳбатни бугунги куннинг долзарб мавзуси ҳисобланган пандемия ҳақидаги савол билан бошласак. Бу ҳолат Ички ишлар вазирлигини ҳам «оёққа турғазган». Бутун дунёга тарқалган пандемия вақтида ходимларнинг ҳолати қандай? Сафарбарлик қай даражада?

– Аввало бу вазиятда халқимизга сабр тилайман. Ҳозир ички ишлар идораларининг кўплаб ходимлари касалликнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш ишларига сафарбар қилинган. Аксар ходимларимиз бу вазифани сидқидилдан бажармоқда.

– Одамлар ички ишлар ходимлари фаолиятининг фақат юзини кўради. Бу касбнинг биз билмаган томонлари, қийинчиликлари, ходимларнинг одамлар билмайдиган иш тартиби ҳақида гапириб берсангиз.

– Оддий вақтларда, масалан, пандемия бўлмаган, Сардобадаги ҳалокат бўлмаган вақтда биз ҳукумат қарорларига асосан ишимизни ташкил этамиз. Кейинги пайтларда «хавфсиз пойтахт», «хавфсиз ҳудуд» тушунчалари пайдо бўлди. Бу жиноятчиликнинг, аввало уюшган жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган. Ҳозирда шаҳарларимизда, шаҳарчаларимизда уч сменали ишлар ташкил этилган.

Шу ўринда бир нарсани айтмоқчиман, бу гапни халқ билан учрашувларда ҳам айтганман: ички ишлар ходими ҳам шу халқнинг вакили, оддий деҳқон, оддий тадбиркор, оддий ишчининг фарзанди. Унинг ҳам ўз оилавий муаммолари, қийинчиликлари бор. Ички ишлар ходими ҳам бошқа ишчилар каби 2,5-3 миллион ойликка ишлайдиган одам. Аммо унинг кун тартибидаги иши учун вақт белгиланмаган.

Биз ички ишлар идораларига ишга кираётганда қасамёд қилганмиз. Қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар кун тартибига риоя қилиш деган нарса йўқ деган мазмунида. Кеча-ю кундуз ўз вазифамизни бажарамиз, деб қасамёд қилганмиз. Унда халқимизнинг тинчлиги учун керак бўлса жонимизни фидо қиламиз, деб қасамёд қилганмиз.

Ички ишлар ходимлари фаолиятининг қийинлиги ҳақида гапирганда бир нарсани таъкидламоқчиман. Ҳозир ёшларнинг милиция ходимларига қаршилик кўрсатиш ҳолатлари кўп содир бўляпти ва аксар ҳолларда бунга атрофдаги одамлар томошабин бўлиб қараб турибди. Пандемия вақтида бунга ўхшаш ўнлаб ҳолатлар кузатилди. Ваҳоланки, биз ҳукуматнинг топшириғини бажаряпмиз. Ахир биз одамларга «ҳурматли ҳайдовчи» ёки «ҳурматли фуқаро» деб мурожаат қиляпмиз. Бизга одамларга қўполлик қилмаслик ҳақида кўрсатмалар берилган.