Улар сўнгги йиллар ичида бошига тушган кўргуликларни Kun.uz мухбирларига ҳикоя қилиб беришди. Ҳаммаси уларнинг ноҳақ қамалишидан бошланган.

«Денов автошоҳбекати» МЧЖ кузатув кенгаши раиси Абдураҳмон Файзиевнинг айтишича, у ва МЧЖ ижрочи директори Ҳафиз Норбоев 2013 йилда МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов томонидан уюштирилган сохта айбловлар билан 12 йилга озодликдан маҳрум этилишади.

Бу икки инсон 3,5 йилча муддат панжара ортида умрини ўтказишгач, ноҳақ қамалганларини талаб қилиб мурожаат қила бошлашган ва ниҳоят оқлов қарори чиқарилган. Улар ЖИБ Қашқадарё вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 8 июнь куни ажрими билан оқланади.

Оқлов ҳукми чиқарилгач, 2019 йил 15 октябрда ЖИБ Сурхондарё вилояти суд уларни эгаллаб турган вазифасига тиклаш борасида ҳам ажрим чиқаради. Хатто, МИБ томонидан 2020 йил 18 март куни суд ҳужжати амалда бажарилгани тўғрисида қарор ҳам қабул қилинди.

Абдураҳмон Файзиевнинг айтишича, булар озодликдан маҳрум этилган даврда автошоҳбекат бошқарувига келган, бугунги кунда ваколатсиз бўлган шахслар — Ж.Даминов, А.Раҳимов ва А.Муродов уларнинг суд қарори билан ишга тикланиши ва иш бошлашига кескин қаршилик қилиб келишмоқда.

МЧЖ ижрочи директори Ҳафиз Норбоев бу йўлда улар томонидан ўзига нисбатан суиқасд уюштирилганини ҳам таъкидламоқда.

Ҳ.Норбоев ва А.Файзиев ишга тикланиб, МИБнинг ижро иши тугатилган куннинг эртаси куни — 2020 йил 19 март куни А.Файзиевга нисбатан суиқасд уюштирилади. У эрталаб соат 9:25 ларда ўз уйидан чиқиб кетаётганида У.Муродов унинг устига ВАЗ-2106 автомашинасини қасддан ҳайдаб уриб кетади. Оқибатда Ҳ.Норбоев тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилади ва жами 50 кун (шифохонада ва уйида) даволанади.