Ўзбекистон | 15:07 / 22.06.2020
10936
3 дақиқада ўқилади

«Баҳор» рақс ансамбли директори тайинланди

Қобул Йўлдошев “Баҳор” давлат рақс ансамбли давлат муассасаси директори лавозимини эгаллади.

Фото: Маданият вазирлиги

“Баҳор” давлат рақс ансамбли давлат муассасаси директори тайинланди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Қобул Собиржонович Йўлдошев Маданият вазирлиги ҳузуридаги Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли давлат муассасаси директори лавозимини эгаллади.

Қ. Йўлдошев мазкур лавозимга тайинлангунга қадар Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси директори ўринбосари лавозимида ишлаган.

Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Зиёда Мадраҳимова “Баҳор” давлат рақс ансамбли бадиий раҳбари этиб тайинланди

З. Мадраҳимова Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамблида 1972-1993 йилларда балет артисти сифатида фаолият кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойи бошида Ўзбекистон президенти “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Маданият вазирлиги, Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг Маданият вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида “Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли” фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Давлат рақс ансамблининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

Ўзбекистонда рақс санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижодий мактабларга хос анъаналарни, моҳир балетмейстерлар, балет артистлари меросини тиклаш;

миллий рақс санъатининг мумтоз ва замонавий ижро намуналари “олтин фонди”ни яратиш;

халқимиз, хусусан, ёш авлодни миллий рақс санъати ҳақидаги назарий ва амалий билимлар билан кенг таништириш орқали уларнинг қалби ва онгида миллий ўзликни англаш, аждодлар меросига ҳурмат туйғусини, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш;

рақс ва хореография санъати соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишда иштирок этиш, истеъдодли ёш балетмейстерларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиш;

миллий рақс ва хореография санъати соҳасида олиб борилаётган илмий изланишларнинг натижалари асосида замонавий рақс композицияларини саҳналаштириш;

миллий рақс санъатини мамлакатимизда ва хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш мақсадида Давлат рақс ансамблининг миллий ҳамда жаҳон халқлари рақсларидан иборат дастурлари асосидаги гастроль-концерт фаолиятини йўлга қўйиш.

Мавзуга оид