Ҳукумат Хоразм вилояти бўйича янги қарор қабул қилиши кутиляпти
Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Ҳужжат Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни янада ривожлантириш, замонавий туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва янги дам олиш масканларини барпо этиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, туризм соҳасига инвестицияларни кенг жалб қилиш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида қабул қилинади.
Белгиланишича, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар, шу жумладан буфер зоналардан ташқари, Хива шаҳрида меҳмонхоналар қуриш учун жисмоний ва юридик шахсларга “YER AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали тақдим этиладиган ер участкалари бўйича қуйидаги инвестиция мажбуриятлари юкланади:
майдони 0,06 гектардан 0,15 гектаргача бўлган ер участкасини ажратишда инвесторга 50 та хонадан кам бўлмаган меҳмонхона;
майдони 0,15 гектардан 0,3 гектаргача бўлган ер участкасини ажратишда - 100 хонадан кам бўлмаган меҳмонхона;
майдони 0,5 гектардан ва ундан ортиқ майдонга эга ер участкасини ажратишда - 200 та хонадан кам бўлмаган, 3 - 5 юлдузли тоифадаги стандартларга мос келадиган меҳмонхона қуриш.
Хоразм вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Хоразм вилояти Шовот туманида жойлашган “Юсуф Ҳамадоний” мажмуасига туташ ҳудудларда туризм инфратузилмасини барпо қилиш, шунингдек, зиёратчилар ва туристлар учун қўшимча қулайликлар жумладан, умумий овқатланиш объектларини “ҳалол” стандарти бўйича сертификатлаштириш ва дам олиш учун жойлар ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Хоразм вилоят ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Урганч-Хива йўналишдаги йўл бўйи ҳудудларини ўз ичига олган “Хива туристик транспорт коридори”ни ташкил этиш ҳамда уларда замонавий меҳмонхона мажмуалари, савдо-кўнгилочар ва туризм аҳамиятига эга бўлган бошқа объектлар қуриш, шунингдек, замонавий муҳандислик инфратузилмаси объектларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.
Белгиланишича, 2020 йил 1 сентябрдан:
“Урганч” халқаро аэропортида халқаро нормаларга мувофиқ қатновлар ва йўналишлар сони бўйича чекловларни олиб ташлаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг резидент-авиакомпаниялари қатновлар амалга оширмайдиган йўналишлар бўйича хорижий авиакомпанияларга "ҳаво эркинлигининг" бешинчи даражасини тақдим этувчи “Очиқ осмон” режими жорий этилади;
Хорижий авиакомпаниялар парвозлар хавфсизлиги ва авиация хавфсизлигини таъминлаш бўйича авиакомпаниянинг тегишли ҳужжатларини текшириш якунлари Фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг (ИКАО) халқаро стандартларига мувофиқ бўлганда ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимларнинг мавжудлигидан қатъий назар "Урганч" халқаро аэропортига доимий парвозларни амалга оширишлари мумкин.
Транспорт вазирлиги мамлакатда коронавирус инфекцияси ҳамда иқтисодий инқироз билан боғлиқ ҳолат барқарорлашгандан сўнг қуйидаги ишларни ташкил қилиш чораларини кўради;
а) Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда “Урганч” халқаро аэропортида истиқболли йўналишлар бўйича мавжуд туризм эҳтиёжидан келиб чиқиб, хорижий авиакомпаниялар билан янги доимий ва чартер рейслар йўлга қўйиш ёки мавжуд рейслар частотасини ошириш тўғрисида музокаралар ўтказади;
б) “Uzbekistan Airports” АЖ ва “Uzbekistan Airways” АЖ Урганч шаҳрига МДҲ, ХХР, Индонезия, Япония, Туркия ва Европа мамлакатларидан (Испания, Австрия ва Шарқий Европа давлатлари) туристлар оқимини кўпайтириш учун авиақатновларни кўпайтиради.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Урганч давлат университети базасида хитой, япон, корейс, итальян, араб ва испан тилларини ўргатишга ихтисослаштирилган йўналишларни ташкил қилиш чораларини кўради.
Маданият вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонасида 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб:
туризм мавсуми давомида ҳар куни соат 5:00 дан (август — ноябрь, март - июнь) 24:00 гача иш режими ўрнатилишини;
туристлар учун туризм хизматларини монетизациялашга қаратилган тегишли хизматлар ташкил этилишини (театр шоуларни ташкил қилиш, ҳаво шарида экскурсия, мажмуа тарихи ҳақида қисқа метражли фильмлар намойиши ва бошқалар);
туризм хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш мақсадида, объект ҳудудида ахборот кўрсаткич белгилари ўрнатилишини таъминлайди.
Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагилар бўйича тегишли чоралар кўради:
туристик мавсум паст бўлган (ноябрь-февраль, июль-август) даврда республика фуқаролари учун музейларга нарх белгилашни қайта кўриб чиқиши ва чегирмалар жорий этиши бўйича ҳуқуқ берилиши;
Хива шаҳрининг маданий мерос объектлари ва меъморий ёдгорликларининг соат 22:00 гача ишлашини таъминлаш орқали иш вақти режимини қайта кўриб чиқиш.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси уч ой муддатда:
“Боғи шамол” боғи, “Оллақулихон” ёзги боғи, “Чодра Ҳовли” мажмуаси ва “Ислом Хўжа” ёзги қароргоҳини (Хива шаҳри) туристик йўналишларга киритиш чораларини кўради.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024