Илк солиқ йиғими жорий этилиши тарихи милоддан аввалги учинчи минг йилликда қадимги Мисрда шаклланган. Библиянинг 47-бўлимида айтилишича, Миср фиръавнлари аҳолини етиштирган ҳосилнинг бешдан бир қисмини солиқ сифатида тўлашга мажбур қилган.

Кейинчалик солиқ амалиёти юнон цвилизациясида ҳам ривож топди. 1799 йилда тарихий Александрия шаҳрининг шарқий ҳудудидан топилган «Розетта ёдгорлиги» бунинг исботи бўла олади. Унда милоддан аввалги 196 йилларда Птоломейлар сулоласида солиқ муносабатлари амалда бўлгани тасвирланади.

Ўрта асрлар солиқчилиги

Ўрта асрларда Европада мерос, эгалик ва харид учун янги солиқ турлари амалга киритила бошланади. Бу солиқлардан олинадиган тушум, асосан, уруш даврларида мудофаа учун зарур бўлган.

Хитой ҳам илк солиқ тартибларини жорий этган давлатлардан бири. Тан сулоласи (618-907) ва Сонг сулоласи даврида (1127-1279) аҳоли рўйхатга олинади ва бу асосида уларга солиқ тўлаш мажбурияти юкланади.

Йиғилган пул эса армияга, бундан ташқари, ирригация ва транспорт қатнови учун зарур бўлган каналлар қурилишига ёки шунга ўхшаш ижтимоий лойиҳаларга сарфланган.

Марказий Осиёдаги солиқлар

Милоддан олдинги биринчи минг йилликнинг бошларидаёқ Марказий Осиё ҳудудларида кўчманчилик шароитида, ўзлари учун қулай жой излаб юрган кўплаб уруғ ва қабилалар ер майдонлари, сув, ўтлоқларни эгаллаш мақсадида курашиб келишган. Айрим ҳолларда эса улар ўзларидан кучлироқ қабилаларга ер солиғи, яъни ўлпон тўлаб турганлар.

Лекин форс ҳукмдори Доро даврига келганда илк бор доимий тартибдаги солиқлар жорий қилинади. Доро солиқ тизимини фақат ўз мамлакатида эмас, балки эгаллаб олган мамлакатларига ҳам жорий этади. Эроннинг қадимги Персапол шаҳридан топилган узоқ аждодларимиз – бақтрияликлар, хоразмликлар, сўғдлар ва саклар тасвирлаган расмларда, саклар кийим-кечак, бақтрияликлар туя ва идишлар, хоразмликлар дудама ханжар, жангавор болта, билагузук ва отни шоҳга олиб бораётган манзара чизилган. Бу улар тўлаётган солиқ турлари сифатида тахмин қилинади.