22:17 / 23.06.2020
8994

PISA баҳолаш дастурига тайёргарлик – математик саводхонлик йўналишида масофавий ўқув-семинар ўтказилмоқда

ХТВ томонидан 23 июндан 2 июлга қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудлари учун белгиланган жадвал асосида видеосеминарлар ўтказилмоқда. Унда математика йўналишида фаолият юритаётган мутахассисларнинг ўқитиш методлари, қувчилар билимига қўйилган халқаро талаблар ҳақидаги билим ва малакалари оширилмоқда, бу орқали халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўрилмоқда.

Фото: ХТВ

ХТВ ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ўқувда ҳудудий малака ошириш марказлари ўқитувчилари, фан методистларининг иштирок этиши ҳамда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришга йўналтирилган 348 та таянч мактабларининг 1500 нафар малакали ўқитувчиларини математик саводхонлик бўйича тренер-ўқитувчи сифатида тайёрлаш кўзда тутилган.

«Бугун, 23 июнь куни белгиланган жадвал асосида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Андижон ва Бухоро вилояти халқ таълими бошқармалари масъуллари иштирокида ўтказилган онлайн семинарда PISA дастурида математик саводхонликни баҳолашга қаратилган мазмун соҳалари, жумладан, миқдорлар, ўзгаришлар ва муносабатлар, фазо ва шакл, маълумотлар ва ноаниқликлар бўйича ҳамда муаммо мазмуни ёки контексти, ўқувчилардан талаб этиладиган ақлий фаолият турлари ҳақида маълумот берилди.

Фото: ХТВ

Шунингдек, халқаро тадқиқотларга тайёргарлик доирасида ўқувчиларнинг математик мулоҳаза юритиш асосида математик моделлаштириш, қўллаш, топилган математик ечимни берилган муаммога нисбатан талқин қилиш ва баҳолаш каби компетенцияларини ривожлантириш йўллари, масалаларни ечиш ва баҳолаш ёндашувлари бўйича тренер-ўқитувчилар билан фикр алмашилди..

Видеосеминарда иштирок этган тренер-ўқитувчилар томонидан таянч мактабларига бириктирилган ўқитувчилар учун ҳам Zoom, Google plus ва бошқа веб конференция тизимларидан фойдаланган ҳолда ўқув-машғулотлари ташкил этиш белгилаб олинди» дея Халқ таълими вазирлиги Таълим сифати мониторинги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшода Норбоеванинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: ХТВ

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда математика 2020 йилдаги илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган бўлиб, таълимнинг барча босқичларида математика фанини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, педагогларнинг самарали меҳнатини қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш ва амалий аҳамиятини ошириш, халқаро ҳамжамият билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарори қабул қилинган.

Шунингдек, таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро дастур – PISA тадқиқотининг мамлакатимиз ўқувчилари иштирок этиши режалаштирилган навбатдаги циклида ҳам математик саводхонлик устувор йўналиш этиб белгиланган.

Ўзбекистон президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021 йилдаги халқаро баҳолаш жараёнларига муносиб тайёргарлик кўриш, таянч мактабларни белгилаб, 6000 нафар ўқитувчиларнинг малакасини ошириш лозимлиги ҳақида аниқ вазифалар қўйилган.

Top