Kun.uz мухбири Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов билан коронавирус пандемияси туфайли тўхтаб қолган авиақатновларнинг тикланиш жараёни ҳақида суҳбатлашди.

Республика махсус комиссияси 15 июндан халқаро авиақатновларга рухсат берди, лекин нега амалда ҳеч қандай халқаро авиақатновлар ташкиллаштирилмади?

– Дарҳақиқат, Республика махсус комиссияси 15 июндан халқаро авиақатновларга рухсат берди. Бироқ бу айнан шу кундан эътиборан мунтазам халқаро авиақатновлар бирданига тикланишини англатмайди. Ҳозирги кунда халқаро йўналишлар бўйича мунтазам парвозларни тиклаш ва амалга ошириш давлатларда кузатилаётган эпидемиологик ҳолат ҳамда хорижий мамлакатларда қўйилган чеклов чоралари, виза бериш тартиби, санитария талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Айнан шу жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда Туркия, Россия, БАА, Жанубий Корея, Хитой ва Қозоғистон давлатлари билан июль-август ойлари давомида дастлабки босқичда халқаро йўналишларда паритет тамойили асосида ҳар бир томондан мунтазам парвозларни тиклаш бўйича таклифлар Республика махсус комиссиясига тақдим этилди. Таклифлар ўрганилиб, ҳар бир давлатдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мунтазам парвозларни тиклаш бўйича қарор республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинади.

– Карантин давридаги халқаро парвозлар чоғида йўловчилар жойлашуви бўйича низом ишлаб чиқилганми? Аввал хабар берилган «3 қаторлик чеклов», яъни учталик ўринларда фақат бир киши ўтирадиган чекловга амал қилинадими?

– Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқланган бўлиб, авиарейслар ва поездлар қатнови бугунги кунда ана шу тартибда белгиланган карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ташкил этилмоқда (Бугунги кунда Вақтинчалик тартибда белгиланган самолёт бортида йўловчиларнинг жойлашуви билан боғлиқ чеклов чораси бекор қилинган).

Халқаро авиақатновлар фаолиятини қайта тиклашда ҳам белгиланган карантин чекловларига қатъий риоя этилади. Санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган, яхшиланаётган ҳамда оғир санитария-эпидемиологик вазият сақланиб қолаётган давлатлардан кириб келаётган шахслар аэропорт ҳудудида алоҳида-алоҳида ташилиши, жойлаштирилиши ва хизмат кўрсатилиши, шунингдек, ҳаво кемалари ҳар бир рейсдан сўнг тўлиқ дезинфекция қилиниши таъминланади.