«Дунё гўё ақлдан озгандек»: «шведча стратегия» муаллифи карантин ва ниқоб тақишга қарши чиқди
Швецияда ўтказилган сўровлар мамлакат аҳолиси ҳукуматнинг пандемияга қарши танлаган йўли тўғрилигига ишончни йўқотаётганлигини кўрсатмоқда. ЕИ мамлакатлари ички чегараларни очгач, Швециянинг қўшнилари шведларни ўз ҳудудларига эркин киритишдан бош тортди.
Швециянинг бош эпидемиологи, коронавирусга қарши курашнинг миллий стратегияси муаллифи Андерс Тегнелл бутун дунёда жорий этилган карантин чораларини телбалик деб атади.
«Дунё гўё ақлдан озгандек ва биз муҳокама қилган барча нарса унутилгандек», — деди Тегнелл Швеция радиоси орқали чиқишида.
«Касалланиш ҳолатлари жуда кўпайиб кетди ва сиёсий босим ортиқча кучли бўлди. Ўшанда Швеция ёлғиз қолди», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, ҳаракатланишни чеклаш янги муаммолар, жумладан, маиший зўравонликнинг ўсиши, ёлғизлик ва оммавий ишсизликни келтириб чиқарди.
«Барча дорилар ножўя таъсирга эга бўлгани каби пандемияга қарши кураш чоралари ҳам салбий оқибатларга эга», — деди у.
Тегнелл соғлиқни сақлаш масалаларида бу жиҳатларни ҳам ҳисобга олишга чақирди. У мактабларнинг ёпилишини ортиқча чора деб атади ва самаралилиги илмий жиҳатдан исботланмаганлиги учун юзга ниқоб тақмасликни маслаҳат берди.
Тегнелл коронавирус яқин вақт ичида йўқолмаслигига қатъий ишонади ва карантин узоқ давом этадиган бу таҳдидга қарши фойда бермайди деган фикрда.
Швеция бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, коронавирус сабабли қатъий карантин жорий этмади, ресторанлар, дўконлар ва мактаблар ёпилмади. Ушбу стратегия касалликка чалинганлар ва вафот этганлар сонига таъсир кўрсатмай қолмади. Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, Швецияда коронавирусдан ўлим кўрсаткичи (100 минг кишига 51та) Скандинавиянинг бошқа мамлакатларидаги нисбатан анча юқори (Финляндия — 6та, Норвегия — 5та, Дания — 10та).
Швецияда ўтказилган сўровлар мамлакат аҳолиси ҳукуматнинг пандемияга қарши танлаган йўли тўғрилигига ишончни йўқотаётганлигини кўрсатмоқда. ЕИ мамлакатлари ички чегараларни очгач, Швециянинг қўшнилари шведларнинг бу мамлакатларга эркин киришларига қарши чиқди.
Аввалроқ Тегнелл пандемиянинг дастлабки босқичида коронавируснинг ўлимга олиб келиш кучини нотўғри баҳолаганини тан олганди. Аммо танлаган йўлидан воз кечишни муҳокама қилмаслигини айтганди.
Мавзуга оид
22:40 / 05.11.2024
Мудофаа «яшил энергетика»га қарши: Швеция 13 та шамол генератори қурилишига рухсат бермади
21:59 / 02.11.2024
Швецияда ноқонуний мигрантларга қарши кураш кучайтирилади
08:00 / 16.10.2024
Ўзбекистоннинг янги элчиси Стокҳолм шаҳрига келди
22:05 / 05.10.2024