Иқтисодиёт | 22:52 / 24.06.2020
14883
6 дақиқада ўқилади

Инқирозга қарши кураш комиссияси қарори айрим тадбиркорларни инқирозга олиб келиши мумкин

Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг навбатдаги қарори хусусий сектордаги айрим металлопрокат корхоналарининг инқирозига сабаб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

19 мартдаги президент фармони билан, Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси тузилган эди. 11 май куни комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган.

Йиғилишда коронавирус пандемиясини «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ ва «Тошкент металлургия заводи» МЧЖ ҚК фаолиятига таъсирини юмшатиш масалалари муҳокама қилиниб, айрим чора-тадбирлар белгиланган.

Йиғилиш баёнида юқорида номлари қайд этилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти ва моддий-техника таъминотига пандемиянинг салбий таъсири натижасида узилишлар кузатилаётгани, бу эса ушбу корхоналарнинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичларига салбий таъсир қилаётгани таъкидланади.

Бош вазир – комиссия раҳбари Абдулла Арипов томонидан имзоланган баёнда «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ ва «Тошкент металлургия заводи» МЧЖ ҚКларга қатор имтиёз ва преференциялар берилган.

Масалан, 2020 йил 30 декабргача республикада давлат бюджети ҳисобидан қурилаётган барча объектлар учун ҳамда давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмалари томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва бошқа қурилиш ишлари доирасида металлопрокатни, истисно тариқасида «Ўзметкомбинат» АЖ билан тўғридан тўғри («Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларини четлаб ўтган ҳолда – таҳр.) шартномалар асосида, ўртача биржа нархларида сотиб олишга розилик берилган.

Йиғилиш баёни республикада фаолият юритаётган маҳаллий металлопрокат ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятига бевосита салбий таъсир кўрсатиши тахмин қилинмоқда.

Жумладан, баённинг 10-бандида республикадаги аксарият объектларда қурилиш ишларининг тўхтатилгани натижасида ички бозорда металлопрокатга бўлган талабнинг кескин камайиши туфайли ҳамда глобал миқёсда пандемиянинг кенг тарқалиши саноатнинг базавий тармоқлари фаолиятига таъсирини юмшатиш мақсадида маҳаллий металлопрокат ишлаб чиқарувчиларнинг 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар тегишли рўйхат бўйича металлопрокатни республикага импорт қилишни вақтинчалик тақиқлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилган.

Таъкидлаш жоиз, баёнда бу айнан кимларнинг таклифи эканига ойдинлик киритилмаган.

Баённинг 20-бандида эса, аксинча, «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ ва «Тошкент металлургия заводи» МЧЖ ҚКга импорт қилинган хомашё, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва материаллардан кейинчалик «эркин муомалада бўлиш режими» декларациясини расмийлаштириш ва мувофиқлик ҳамда экология сертификатини 2020 йил 31 декабргача тақдим этиш шарти билан фойдаланишга рухсат этилган.

Фақатгина хусусий сектордаги тадбиркорларга ўрнатилган импорт чекловлари хориждан хомашё олиб келиб, республикада қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолида реализация қилишга ихтисослашган айрим металлопрокат корхоналарининг инқирозига сабаб бўлиши мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда республика хусусий секторида 100дан ортиқ маҳаллий металлопрокат корхоналари мавжуд ва уларда ўн мингдан ортиқ одам доимий иш билан банд. Уларнинг аксарияти хомашёни Россия ва бошқа хорижий давлатлардан импорт қилади. Сабаби шундаки, импорт хомашёдан тайёрланган маҳсулот маҳаллий хомашёдан тайёрланганига нисбатан анча сифатли ва харидоргир бўлади.

Давлатнинг улуши бўлган гигант корхоналарнинг импорт имкониятлари сақланиб қолиши баробарида уларга қўшимча имтиёзлар тақдим этилиши жорий йил якунига қадар давом этадиган бўлса, хусусий сектордаги тадбиркорларнинг инқирозга юз тутиши, минглаб ходимлар ишидан ва доимий даромадидан ажралиши мумкин.

«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига кўра, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг:

·     шартномалар тузишда устунлик бериш, сотиб олувчиларнинг муайян доирасига товарларни биринчи навбатда реализация қилиш, молиявий маблағларнинг манбаларини танлаш ва улардан фойдаланиш йўналишларининг афзаллиги тўғрисида хўжалик юритувчи субъектга кўрсатмалар бериши;

·     айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши;

·     айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шартлар (шароитлар) белгилаши тақиқланади.

Кези келганда айтиш керакки, биз шу бугунгача ушбу комиссиянинг бирорта қарори матнини ўз кўзимиз билан кўрганимиз йўқ.

Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг мазкур қарори ҳақида бирорта очиқ манбаларда гапирилмади.

Ваҳоланки, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши кераклиги, расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч ким бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган.

Шунингдек, ушбу моддага кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат баён тарзида расмий эълон қилинишига йўл қўйилмайди ҳамда эълон қилинганда унинг барча реквизитлари кўрсатилади.

Қонунга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалар сифатида «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz) ва бошқа бир қатор манбалар келтирилган.

Умид қиламизки, Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси мазкур масалани чуқур таҳлил қилиб, қабул қилинган қарорнинг хусусий секторга солаётган хавфини тўғри баҳолаб, тадбиркорларнинг тенг шароит ва имкониятларда фаолият юритиши учун зарур чоралар кўрилишини таъминлайди.

Зеро, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга кўра, тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда афзалликлар олишга қаратилган, қонун ҳужжатларига, иш муомаласи одатларига зид бўлган ва бошқа тадбиркорлик субъектлари бўлган рақобатчиларга зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатларига йўл қўйилмайди.

Дилшод Абдуқодиров

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид