Ўзбекистон | 15:37 / 24.06.2020
23781
11 дақиқада ўқилади

Истеъмолчилар ҳуқуқларига оид қонун лойиҳаси: қандай ўзгаришлар таклиф этилмоқда?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши ҳақида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Агентлик директорининг маслаҳатчиси Дилшод Азимов қонун лойиҳасининг мақсад ва моҳияти юзасидан Kun.uz'га маълумот берди. Қуйида расмий ахборот матни жузъий қисқартиришлар билан келтириб ўтилади.

Давлат тили

— Амалдаги «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, истеъмолчиларга мажбурий тарзда берилиши лозим бўлган ахборотлар, яъни товар ёки унинг ишлаб чиқарувчиси ҳақида маълумотлар улар ҳоҳлаган тилларда берилиши белгилаб берилган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, қайси тилда бўлиши умуман кўрсатилмаган.

Шу муносабат билан, ишлаб чиқилган Қонун лойиҳасида истеъмолчига товар (иш, хизмат) ва ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотни, шу жумладан электрон тижорат орқали товарлар сотишга тақдим этиладиган маълумот ва нархнома давлат тилида бўлиши лозимлиги талаби киритилмоқда. Бунда, маълумотлар давлат тили билан бирга бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин.

Шунингдек, истеъмолчи ва ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ўртасида тузиладиган ёзма шартномаларнинг матни давлат тилида расмийлаштирилиши ва томонларнинг келишувига мувофиқ бошқа тилларда ҳам тузилиши мумкинлиги нормаси киритилмоқда.

Ўз навбатида, сотувчи (ижрочи) матни давлат тилидан бошқа тилларда расмийлаштирилган шартномани имзолашга истеъмолчини қисташга ва ундашга ҳақли эмаслиги тўғрисидаги мажбурият қўйилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни нормаларининг таъсир ва қамров доирасини янада кенгайтириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида киритилмоқда.

Шунингдек, хорижий давлатлар амалиёти, жумладан Россия, Украина, Қозоғистон, Исроил давлатлари қонунларида, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилишини кўрсатмоқда.

Аниқроқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, Исроил давлатида товар маркировкаси иврит ёзувида бўлиши шартлиги, Туркия қонунларига кўра, барча ёзишмалар, ёзув ва ҳисоб-китоблар хеч қандай истисноларсиз турк тилида олиб борилиши талаб қилинади. Энг қизиғи, турк юридик шахслари ўртасида тузилган турк тилида бўлмаган шартномалар бекор қилинади.

Аксарият чет давлатларларда корхона ўзи ҳақидаги маълумотни ёки ишлаб чиқараётган маҳсулотидаги ёзувлар давлат тилида акс эттирилмаса, 4 минг еврогача жарималар қўлланиши қонун хужжатлари билан белиглаб қўйилган. Масалан, Франция қонунларига мувофиқ, бошқа тилда пешлавхаси ёки ёрлиғи ёзилган мулк (маҳсулот) мусодара қилиниши ва 700-3750 евро миқдорида жаримага тортилиши белгиланган (манба: til.gov.uz).

Мазкур ўзгартиришлар орқали, истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ва ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисида давлат тилида маълумот олиш имконияти кенгайтирилади.

Шунингдек, истеъмолчи билан сотувчи ўртасида турли соҳаларда, хусусан уй-жой қурилиш, автомобил харид қилиш, автокредит/лизинг, алоқа ва бошқа хизматлар бўйича тузиладиган ёзма шартномаларнинг давлат тилида расмийлаштирилиши истеъмолчининг шартнома шартлари билан тўлиқ танишиб чиқиш, давлат тилида шартнома тақдим этишни талаб қилиш, шартномавий муносабат билан юзага келадиган низоли вазиятларда ўз ҳуқуқларини мустақил ҳимоя қилишига хизмат қилади.

 

Қонунда истеъмолчиларнинг мажбуриятларини белгилаб қўйиш таклиф этилмоқда

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 4 октябрдаги ПҚ–4477-сон қарорида узоқ муддатли истиқболда «яшил» иқтисодиётга ўтиш қуйидаги асосий тамойилларга асосланиши кераклиги белгиланган:

  • ресурслардан оқилона фойдаланиш, барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш;
  • энергия ресурслари истеъмолини диверсификациялаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия самарадорлиги масалалари бўйича аҳолини кенг хабардор қилиш.

Қонунда истеъмолчиларимизнинг ҳуқуқлари белгиланган бўлса-да, уларнинг мажбуриятлари кўрсатиб ўтилмаган.

Шуларга кўра, аҳолининг (истеъмолчиларнинг) энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишларига эришиш, бу орқали ўз саломатлиги, даромади ва жамият манфаатларига ижобий ҳисса қўшишига эришиш мақсадида, истеъмолчиларнинг мажбурияти ҳам киритилмоқда.

Жумладан:

  • товардан мақсадли фойдаланиш, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан товарни эксплуатация қилиш ҳужжатларида ўрнатилган талаблар, меъёрлар, шартларга ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш;
  • ўз ҳуқуқ ва манфаатларини илгари суриш учун зарур бўлган билим ва маълумотларни олишга интилиш;
  • мустақил равишда ресурсларни тежаш ва экологик тоза бўлган истеъмолни амалга ошириш ҳамда бу билан ўзининг истеъмолчи сифатидаги ҳаётини яхшилаш ва миллий иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшиш.

Шунингдек, истеъмолчиларимизнинг мажбуриятини ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида товар алмаштирилган ёки қайтарилган тақдирда, товар қандай ҳолатдаги қадоқда сотилган бўлса, истеъмолчи товарни шундай бирламчи истеъмол қадоғида қайтариши шартлиги мажбурияти юкланмоқда.

Аҳолининг истеъмолчи сифатида асосий мажбуриятлари қонун билан белгиланиши ва бу тўғрисида уларни кенг хабардор қилиниши натижасида, товардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қонун ҳужжатлари нормалари билан танишиш, энергия ва табиий ресурсларни тежаш, ўз саломатлиги ва даромади учун экологик тоза истеъмолни амалга ошириш масъулияти ортади.

Шунингдек, мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини қайтариб беришда истеъмолчининг жавобгарлиги ва масъулияти белгиланади.

 

Банк картаси билан савдо қилинганда нархни ошириш мумкин эмаслиги бўйича тақиқ мустаҳкамланади

— Ҳозирги пайтда товар учун нақд пул ёки пластик карточка орқали ҳақ тўлаш шаклига қараб уларни сунъий равишда оширган ёки пасайтирганлик учун амалдаги қонун хужжатларида жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Бироқ, қонун ҳужжатларида тўлов шаклига кўра товар нархини турли миқдорда белгилаш мумкин эмаслиги нормаси аниқ қайд этилмаган.

Шу муносабат билан, Қонунга ушбу ҳолатни тартибга солувчи норма киритилмоқда.

Жумладан, сотувчига (ижрочига) товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳақ тўлаш шаклига қараб бир турдаги товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳар хил нарх (тариф) белгилаш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

Бозор механизмлари асосларига мувофиқ, товарлар (ишлар, хизматлар)ни нақд пулсиз сотишда чегирмалар ва рағбатлантиришнинг бошқа шакллари белгиланиши мумкинлиги ҳам акс эттирилмоқда.

Бу ўзгартиришлар товар учун тўловни амалга оширишда истеъмолчининг ҳуқуқини мустахкамлашга хизмат қилади.

 

Назорат хариди бўйича харажатлар сотувчига юкланиши мумкин

— Кўпгина хорижий давлатларда бозорда сотилаётган маҳсулотларни сифат ва бошқа талабларига мос келиши юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари амалга ошириб келинади. Шу каби амалиёт Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигида ҳам жорий этилган бўлиб, назорат харидини амалга ошириш давомида олинган товарни экспертизадан ўтказиш натижасида товарнинг нуқсонлари мавжудлиги ва норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги аниқланганда, экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Агентлик маблағлари хисобидан қопланмоқда. Ваҳоланки ҳаражатлар мазкур нуқсонли товар аниқланган сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.

Шу сабабли, товарлар (ишлар, хизматлар)нинг нуқсонлари мавжудлиги ва норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги тасдиқланган тақдирда, истеъмолчи ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваколатли давлат органларининг товарлар (ишлар, хизматлар)ни текшириш (лабораториядан ўтказиш, экспертиза қилиш) билан боғлиқ ҳаражатлари сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши белгиланмоқда.

Мазкур ўзгартириш истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилинишида, хусусан ички бозорларда истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ва атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин товарлар (ишлар, хизматлар) пайдо бўлишининг олди олинади ва бартараф этилади ҳамда ишлаб чиқарувчининг (ижрочи, сотувчининг) маъсулияти ва шахсий жавобгарлиги ортишига олиб келади.

 

Истеъмолчига сотувчи билан шартномавий муносабатларда устувор ҳуқуқ берилади

— Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига кўра, давлат томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баравар муҳофаза этилишини кафолатлаш принципига оғишмай риоя этишиши шартлиги белгиланган.

Истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб иш юритилиши «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасида акс эттирилган.

Шу сабабли, қонун лойиҳасида истеъмолчига сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда ўзининг қонун ҳужжатларида белгиланган талабларини қаноатлантиришда устувор ҳуқуқ берилиши назарда тутилмоқда.

 

Янги турдаги жарималар

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ–5817-сон Фармонида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, ахборот бермаганлик ёки била туриб нотўғри ахборот берганлик, Агентлик кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарликларни кучайтириш, юридик шахсларга жарималар қўллашни назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш белгиланган.

Шу сабабли, маъмурий жавобгарликдан ташқари, қуйидаги ҳолларда ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)га Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан молиявий санкция қўллаш ҳуқуқи таклиф қилинмоқда:

  • ваколатли органга ахборот тақдим этмаслик ёки нотўғри маълумот тақдим этиш;
  • истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажармаслик;
  • истеъмолчига мақбул сифатли товарни алмаштириб бериш, нуқсонли товарни алмаштириб бериш ва товар нуқсонларини бепул бартараф этиш тартибини бузиш;
  • истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташ;
  • кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш;
  • шартномага истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талабларни киритиш;
  • яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш;
  • норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш;
  • қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, олиб кириш ва реализация қилиш.

Иқтисодий санкцияларнинг жорий қилиниши Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатларини кенгайтиришга, шартномавий муносабатларда истеъмолчининг ҳуқуқи мустаҳкамланишига олиб келади.

Шу билан бирга, истеъмолчилар ҳаёти ва саломатлигига жиддий зарар келтирадиган яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни реализация қилиш ҳолатини кескин камайишига, тадбиркорлик субъектларининг истеъмолчи олдидаги масъулияти ортишига ёрдам беради.

 

Юқорида келтириб ўтилган агентлик расмийсининг мулоҳазалари Kun.uz таҳририяти нуқтайи назарини ифода этмаслиги мумкин.

Мавзуга оид