Light | 17:31 / 24.06.2020
16440
5 дақиқада ўқилади

Япон чойлари ва анъанавий чой маросимлари ҳақида нималарни биласиз?

Кўк чой ва япон чойи – булар худди бир-бири билан маънодошдек эшитилади. Кўк чойга Японияда энг оммабоп ичимлик ва қадриятлар бўлаги сифатида қаралади, яна уни соғликка ҳам фойдали деб билишади. Овқатдан кейин дастурхонда янги дамланган кўк чой бўлиши кунчиқар юртда одатий ҳолга айланган.

Фото: Just One Cookbook

Японияда чой етиштириш, уни қуритиш ва бошқа жараёнларнинг турлича бажарилиши ёки чойнинг таъми, ранги, мазаси, ҳидига қараб, турлари фарқланади.

Сенча 煎茶

Сенча – Японияда энг кўп истеъмол қилинадиган чой тури. У фақат ёш чой баргларидан тайёрланади. Чой барглари териб олиниб, ювиб, буғланиб, сўнгра қуритилади.

Фото: Just One Cookbook

Кислород ва ширин таъмнинг балансини тўғри сақлаш орқали сенча ҳамма учун севимли чой навига айланади.

Матча 抹茶

Фото: Just One Cookbook

Ўзининг ям-яшиллиги билан ажралиб турадиган матча чойи сояда ўстирилади. Бунинг билан чойда кофеин миқдори ва табиий мазани ошириш мақсад қилинади. Ҳосили териб олингач, матча кукун ҳолига келтирилади ва япон чой маросимларининг асосий иштирокчисига айланади.

Айни пайтда ҳам нозик ранги туфайли матча навли чой замонавий япон ошхоналаридаги асосий ичимликлардан бири бўлиб қолмоқда.

Гёкуро 玉露

Фото: Just One Cookbook

Гёкуро ҳам худди матча сингари сояда ўстирилади ва қоп-қора рангли япроқлардан иборат бўлиб етишади. Бунинг билан чойда ўзига хос хушбўй таъм ва ҳид пайдо бўлади.

Ҳожича 焙じ茶

Фото: Just One Cookbook

Ҳожича қовуриладиган чой нави ҳисобланади. Унинг барглари оч жигарранг бўлади. Ҳожичани енгил таъми учун қуюқ кечки овқатдан кейин истеъмол қилишни хуш кўришади.

Кўк чой фойдалари ҳақида

Ўтказилган турли тадқиқотлар кўк чойнинг юқори қон босимини пасайтиришини, саратон ва юрак касалликларида фойдали эканлигини исботлаган.

Фото: arigotajapan.co.jp

Доимий равишда кўк чой ичиб туриш юрак касалликларидан ҳимоя қилади.

Бундан ташқари, кўк чой мия фаолиятининг ҳам яхши ишлашига ёрдам беради. Шунингдек, кўк чойнинг асабни тинчлантириш хусусияти ва диабет хавфини камайтириши ҳам олимлар томонидан ўрганилган.

Чой маросимлари

Япон чой дамлаш маросими ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Бу алоҳида чой дамлаш хонасида уюштириладиган анъана бўлиб, уни ташкиллаштиришдан асосий мақсад – меҳмонга илтифот кўрсатиш ва уни одатий ҳаётидан озгина бўлса-да, фарқли муҳитни ҳис қилишига ёрдам беришдан иборат бўлган.

Фото: japan-guide.com

Ҳозирги кунда чой маросимлари ҳобби ва туристларни кутиб олишнинг бир воситасига айланган. Бундай маросимлар анъанавий япон боғларида, меҳмонхоналарда ёки чой маданияти марказларида ташкиллаштирилади.

Одатда, расмий чой маросимлари бир пиёла аччиқ ва бир пиёла енгил дамланган чойни ичиш билан якунланади.

Маросимда қатнашиш учун, энг аввало, унга мос кийим танлаш керак. Бунда жуда замонавий ва тез кўзга ташланадиган эмас, камтарин ва тақинчоқлардан холи кийим танлаш мақсадга мувофиқ деб қаралади.

Одатда, чой маросими боғлар ёки боғ билан қопланган биноларда ўтказилади. Бу муҳит одамнинг руҳий ҳолатини барқарорлаштириш учун ҳам танланган. Маросим ўтадиган хонага кираверишда қудуқ ўрнатилган бўлади ва келган меҳмонлар ундан қўлларини ювиб, кейин ичкарига киришади.

Фото: japan-guide.com

Чой маросими ўтадиган хонани «Татами хонаси» деб аташади. Хонага кириш эшиги эса паст қилиб ишланади, хонага эгилиб кирадиган меҳмон ўзи ташриф буюрган хонадонга ҳурмат ифода этади, деб ҳисобланади.

Фото: japan-guide.com

Хона турли мавсумий гуллар билан безатилади. Меҳмонлар хонага киргач безакларни кўздан кечиришдан олдин яна бир бор таъзим қилишади.

Фото: alimentarium.org

Меҳмон одатда чойни мезбоннинг ёнида тайёрлайди. Асосий асбоблар – чой аралаштиргич, чой контейнер ва шунга ўхшаш керакли буюмлардан иборат бўлади. Буюмларнинг ҳар бири ўз вазифасига қараб дид билан жойлаштирилади.

Фото: peninsula.com

Японча ширинлик маросимда чойдан олдин еб олинади.

Япон ширинлиги ва енгил қилиб дамланган чой
Фото: japan-guide.com

Чой пиёлага сузилгач, идиш «татами» тўшаги устига, меҳмоннинг ёнига қўйилади. Пиёлани ўнг қўл билан олиш ва чап кафтнинг устига қўйиш керак. Сўнгра чойдан бир неча култум ичиб, уни яна ерга, татами тўшагининг устига қўйиш керак.

Чой ичиб бўлгач эса меҳмонга миннатдорчилик билдириш лозим бўлади.

Пиёлани қўлда тутиш
Фото: japan-guide.com

Мавзуга оид