00:13 / 26.06.2020
76259

Бугун 4 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилди

25 июнь куни Ўзбекистонда 276та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 7177 ҳолат) ва 192 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 4877 беморга жавоб берилган, 20 киши вафот этган, шифохоналарда 2280 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 6 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Наманган, Жиззах, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 276 ҳолатдан (бу янги рекорд кўрсаткич ҳисобланади) 243таси карантин муассасаларида, 24таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 9 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+24)
Аҳоли орасидаги янги ҳолатларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида қайд этилди - 17 ҳолат. Тошкент шаҳрида сўнгги марта 3 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланмаганди.

Бир кун олдин Мирзо Улуғбек, Учтепа, Олмазор, Сергели ва Чилонзор туманларида аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Шу куни Тошкентда шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш муассасаси ходимида, «Comfort Leather» корхонаси ходими ва унинг оила аъзоларида, шунингдек, Чилонзор туманида яшаб, Тошкент туманидаги «Зангиота» божхона постида фаолият кўрсатувчи ходимда вирус чиққан.

Тошкент вилоятида аҳоли орасида 4та ҳолат қайд этилди. Бир кун олдин вилоятнинг Ўрта Чирчиқ, Тошкент, Қибрай ва Зангиота туманларида аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланганди. Вилоятда қаторасига тўққизинчи кун аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Бугун Жиззах вилоятига коронавирус қайтди - аҳоли орасида икки ҳолат аниқланди, шунингдек, Андижон вилоятида 21 июндан бери илк марта аҳоли орасида янги ҳолат қайд этилди.

Карантин (+243)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 179 ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 52 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Тошкент вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 10 кишида вирус чиқди.

Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ҳам карантин ҳудудида биттадан ҳолат аниқланган.

Ҳайдовчилар (+9)
Тошкент вилояти ҳудудида яна 9 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси вирусга чалингани маълум бўлди. Ушбу вилоятда 12 кундан бери халқаро юк ташувчи машиналар ҳайдовчилари орасида узлуксиз равишда касаллик аниқланмоқда.

Тузалганлар (+192)
Бугун Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида жами 170 нафар уйига кузатилди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида 17 нафар, Наманган вилоятида 5 нафар беморга жавоб берилди ва кунлик тузалишлар сони бўйича рекорд қайд этилди. Жами тузалганлар сони 4877 нафарга етган.

Ўлим (+1)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 июнь давомида бир беморнинг вафот этганини маълум қилди. Денов шаҳрида яшаган, 1961 йилда туғилган Б.Х. исмли аёл сўнгги 5 йилдан буён ўпканинг икки томонлама ўткир бронхопневмонияси ташхиси билан даволаниб келган. Шу йилнинг 19 июнь куни бемор мурожаатига кўра, олинган намунада коронавирус инфекцияси мавжудлигига гумон қилинган ва бемор тез ёрдам машинасида туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Бемор аёлга кўрсатилган тезкор тиббий ёрдам ва реанимацион муолажаларга қарамасдан, у юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган.

Вазирлик бемор қайси куни вафот этганини маълум қилмаган. Бироқ 21 июнь куни Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокими Бахтиёр Ибатов туман аҳолисига мурожаатида 20 июнь куни туманда бир киши коронавирусдан вафот этгани ҳақида маълум қилган, аммо бу хабар кўп ўтмай туман ҳокимлигининг телеграмдаги каналидан ўчириб юборилганди.

Эндиликда Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 20тага етди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2280 нафар бемордан 18 нафари оғир, 6 нафари эса ўта оғир аҳволда. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги вирусологик лабораторияларда Covid-19 инфекциясига бугуннинг ўзида 21 148 та, эпид мавсум давомида эса 1 121 236 та тест синови бепул ўтказилган. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top