«Ўзгидромет» дам олиш кунлари қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди
Бугун республика ҳудудининг катта қисмида об-ҳаво қуруқ ва иссиқ, фақат Фарғона водийси вилоятларида айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат 35-40 даража атрофида бўлади.
Ўзбекистоннинг шимолий туманларига Волгабўйи туманларидан салқин ва кам нам ҳаво оқими кира бошлади. Кун давомида кираётган фронт республиканинг шимоли ва чўл зонасидан ўтади, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет».
Қорақалпоғистон, Хоразм вилоятида бугун ҳаво ҳарорати 30-35 даражагача пасаяди.
Эртага салқин ва кам нам ҳаво оқими бутун Ўзбекистон ҳудудига тарқалади. Барча жойларда ҳаво булутли бўлади, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ҳамда Фарғона водийси вилоятларида айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат июнь ойининг охири учун қулай бўлган кўрсаткич — 27-32 даражагача пасаяди.
Совуқ фронт ўтиши натижасида 26 ва 27 июнда республикада шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши, шиддат билан эсганда тезлиги 23-28 м/с гача етиши кутилмоқда.
Якшанба куни Ўзбекистон ҳудуди қуруқ ва салқин ҳаво оқими таъсирида бўлади. Мамлакатда об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади, кучсиз шамол эсади. Фақат тоғолди ва тоғли туманларда айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Тунда ҳарорат 15-20 даражагача пасаяди, кундузги ҳарорат 27-32 даража атрофида сақланиб туради, бу июнь ойининг сўнгги беш кунлиги учун хос бўлган меъёрий қийматлардан 2-3 даражага пастдир.