Сирдарёда 13343 та камбағал оила борлиги маълум қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Сирдарё вилоятида 13 343 та камбағал оила мавжуд бўлиб, бу жами аҳолининг 5,8 фоизини ташкил этади.
Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Борий Алихонов бошчилигидаги депутатлардан таркиб топган ишчи гуруҳ томонидан 2020 йил 15-19 июнь кунлари Сирдарё вилоятида аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан олиб борган ўрганишлар натижалари парламент қуйи палатаси кенгашида муҳокама қилинган.
Йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокими ва секторлар раҳбарлари онлайн тарзда масофадан иштирок этишган.
«Ишчи гуруҳининг ўрганишлари мобайнида 580 та ҳолатда 1 миллиард 377 миллион сўм пенсия ишлари бўйича ортиқча тўлов қарздорлиги ҳисобдан чиқарилгани ойдинлашди. Шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга бўлиши учун кўрилаётган чоралар туфайли 4 829 минг нафари (36%) иш билан таъминланган бўлиб, қолган 9068 нафарини йил якунига қадар ойма-ой ишга жойлаштириш белгиланган.
Ўрганишлар чоғида мамлакат раҳбарининг фармон ва қарорлари билан берилаётган имтиёз ва енгилликлар ҳамма ерда ҳам бирдай жорий этилмаётгани, аҳолини ижтимоий ҳимоялашда баъзи ҳудудларда камчиликларга йўл қўйилаётгани, мазкур йўналишларда мутасаддилар, хусусан, секторлар ишида ҳам эътибор қаратилиши лозим бўлган муайян ишлар мавжудлиги маълум бўлди.
Тадбиркорлар билан ўтказилган юзма-юз мулоқотларда уларнинг аксарияти Президент фармон ва қарорларига биноан берилаётган имтиёз ва енгилликлардан бехабар экани аниқланди. Шунингдек, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан етарли тарғибот ишлари олиб борилмагани сабабли ажратилган субсидия миқдорлари мавжуд имкониятга нисбатан анча пастлигича қолмоқда.
Кенгаш йиғилишида давлат раҳбари фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш орқали мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш юзасидан қатор тавсиялар билдирилди», дейилади қуйи палата ахборот хизматининг хабарида.
Йиғилиш якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгашининг тегишли қарори қабул қилинган.
Мавзуга оид
18:31 / 23.09.2024
Қозоғистон ва Ўзбекистон Сирдарёда 10 та гидропост ташкил қилади
08:00 / 13.09.2024
Сирдарёда 2 ёшли боғча боласи вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди
16:00 / 07.09.2024
Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятида “права” олиб беришни ваъда қилганлар ушланди
08:10 / 06.09.2024