Жаҳон | 21:58 / 28.06.2020
44218
3 дақиқада ўқилади

Коронавирусни 25 сонияда йўқ қилиш усули топилди

АҚШнинг Бостон университети тадқиқотчилари Signify компанияси кўмагида  ультрабинафша нурланиш ёрдамида коронавирусни самарали йўқ қилиш мумкинлигини тасдиқлашди.

Naked Science нашрининг ёзишича, олимлар бу мақсадда тажриба ўтказиб, унинг давомида вирус билан зарарланган материални ултрабинафша нурланишнинг турли дозаларига учратишган ва бунда вируснинг фаолсизланиши тезлигини баҳолашган.

Пандемия бошидан Бостон университетининг тиббиёт коллежи доктори Энтони Гриффитс ва унинг жамоаси зарарланган материалларни ултрабинафша нурланишнинг турли дозаларига учратиб келишган ва унинг турли шароитларда коронавирусни фаолсизлантиришини баҳолаб келишган. Бунгача квадрат сантиметр юзага 5 мегажоул миқдордаги нурланиш вирусни 6 сонияда 99 фоизга зарарсизлантиради, деб ҳисоблаб келинган. Ўтказилган тажриба эса квадрат сантиметр юзага 22 мегажоул миқдордаги нурланиш вирусни 25 сонияда 99,9999 фоизга йўқ қилишини кўрсатган. 

Шу тариқа, 15 квадрат метрга эга майдонни вирусдан зарарсизлантириш учун 13 ваттли UV-С лампа талаб қилинади.

“Тадқиқотларимиз натижаларининг кўрсатишича, ултрабинафша нурланиш дозаларининг муайян ошишида вируслар тўлиқ зарарсизланган: биз саноқли сониялардан кейин бирор-бир вирусни аниқлай олмаганмиз. Биз бу натижалардан жуда мамнунмиз ва бу коронавирус тарқалиши олдини олишга ёрдам берувчи қурилмалар ишлаб чиқишни тезлаштиришига умид қиламиз”, деб айтган Энтони Гриффитс.

Signify компанияси бош директори Эрик Рондолатнинг таъкидлашича, олимлар, шунингдек, UV-С лампалар вируслардан холи муҳитни таъминлаш йўлларини излаётган муассасалар учун самарали восита эканлигини тасдиқлашган. 

Бироқ мутахассислар UV-C лампалар таъсири инсонга зарар етказишини эслатиб ўтишмоқда: ультрабинафша нурланиш тери қизариши ва конъюнктивитга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, баъзи тадқиқотлар унинг саратон ривожланиши билан боғлиқлигини кўрсатган.

Қуёшдан тарқалувчи ва қуёшдан ҳимояловчи сифатли крем билан блокланиши мумкин бўлган UV-А ва UV-В нурлардан фарқли, UV-С нур қисқароқ ва кучлироқ тўлқин узунлигига эга. Шу сабабли ундан безарар фойдаланиш учун махсус қурилма лозим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ултрабинафша нурни қўл ва терини стериллашда қўлловчи одамларни унинг хавфли эканидан огоҳлантириб ўтган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид