Ўзбекистон | 13:53 / 02.05.2023
17382
1 дақиқада ўқилади

3 май куни Тошкентда кучли ултрабинафша нурланиш содир бўлиши прогноз қилиняпти

Эртага туш пайти Тошкентда қуёшнинг ултрабинафша нурланиш индекси 11 балли шкалада 10 балли бўлиши кутиляпти.

Фото: Kun.uz

3 май куни туш пайти соат 12-13 оралиғида қуёшнинг ултрабинафша нурланиш индекси 11 балли шкалада 10 балли бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет таркибидаги сунъий йўлдош ва об-ҳаво маълумотларига оид маълумотларни бериб борадиган Meteoinfocom канали маълум қилди.

Нурланиш қоқ туш пайти максимал даражага яқинлашиб, соат 14:00да 9, 15:00да 7 ва 16:00да 5 даражага тушиб, пасайиб бориши кўрсатилган.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов бу жараён қуёшнинг хавфли даражадаги нур сочиши экани ва мавсумга хос эмаслиги ҳақида ёзмоқда.

“Бу каби кескинлик қуёшда 30 апрель куни кучли чақнашлар фонида рўй бераётган кўринади. Ва ултрабинафша нурлари атмосферанинг озон қатламидан ўтмишга нисбатан "тўсиқларсиз" кириб келиши ортидан кузатилаётган бўлиши ҳам мумкин”, – деб ёзади у.

Аҳолига эртага туш пайти қуёшдан ҳимояланиш, очиқ офтобда бош кийимларини кийиб олиш тавсия этилади.

Мавзуга оид