Kun.uz мухбири касб байрами муносабати билан Ўзбекистондаги бир гуруҳ устоз журналистларни йўқлади ва уларнинг бугунги кун журналистикаси борасидаги фикрларини сўради. Катта авлод журналистикаси вакиллари ўз фикрларини қуйидаги икки саволга жавоб бериш орқали ифодалашди:

1. Журналистиканинг бугунги қиёфасини қандай кўрасиз ва ундаги асосий муаммолар нималардан иборат?

2. Ўзбек журналистикаси қандай ислоҳотларга муҳтож деб ҳисоблайсиз?

Карим Баҳриев:

Фото: Карим Баҳриевнинг Facebook саҳифасидан олинди

1. Дунё бир азалий маромда яратилган ва яшайдигандай, яхлит ва муштаракдир. Ҳавонинг бир неча даражага исиши музликлар эришига ва уммонлар сатҳи кўтарилишига, дунё харитаси ўзгаришига олиб келяпти. Бир инсоннинг Яратган инсонга ҳаром қилган луқмасини – кўршапалакни еганидан пайдо бўлган бир тожливирус бутун инсониятни ларзага солмоқда. Худди шундай Ўзбекистон журналистикаси ҳам ўзбек жамиятининг ҳаётидан айро эмасдир, мамлакат аҳволи билан чамбарчас боғлиқ.

Журналистиканинг юз йилдан зиёд яқин тарихи ҳам шу жамият аҳволига муштаракдир. Чоризм давридаги Столипин ислоҳотларидан сўнг пайдо бўлган умидлар Давлат думаси аъзоси бўлган Беҳбудийлар ва жадидларни юзага чиқарганди. Шу билан бирга, Октябрь тўнтаришини етилтирди. Ўзгаришлар умиди Чўлпон-у Қодирийларни олдинга чиқарди, аммо аста-секин инқилобдан бўлган умидлар пучга чиқди – қатағон-у таъқиблар бошланди ва жадидлар қирғинга учрадилар.

Кейин Хрушчёвнинг «или-милиқ» ислоҳотлари, шахсга сиғинишга қарши оташин сўзлари, «Ўткан кунлар» ва «Тонг сирлари»нинг очиқ ўқий бошланиши янги умидлар пайдо қилди, аммо яна авторитаризм бош кўтарди ва узоқ муддатли турғунлик даври бошланди.

Михаил Горбачёвнинг ошкоралиги яна жамиятни ва журналистикани уйғотди, газеталар миллионлаб ададда чиқа бошлади, янги жадидлар пайдо бўлди ва улар мустақилликни тайёрладилар. Аммо мустақилликка эришганимиздан сўнг тўрт-беш йил ичида яна яккаҳокимлик ва шахсга сиғиниш йиллари бошланди, ошкоралик уйғотган навбатдаги жадидлар ё қамалди, ё юртни тарк этди, ё сукутга чўмди.

Ва ниҳоят, 2016 йил охиридан яна «янги ислоҳотлар» даври бошланди. Янги президент Шавкат Мирзиёев ошкораликка, ислоҳотларга даъват этди. Бугунги журналистика ана шу умидворлик ҳолатидадир. Бир қисм мен ва сиз сингари романтиклар, журналистлар ва блогерлар бу ислоҳотларга ишоняпмиз ва яна бир қадар олдинга чиқдик, «ортга қайтиш нуқтаси» ўтилганидан умид қиляпмиз. Яна бир тоифа ҳали ҳаммаси аввалги ҳолига қайтади, бу халқ демократияни истифода эта олмайди, эскича қарашли кучлар ўзини ўнглаб олади, деб пойлаб ўтиришни афзал кўрмоқдалар.