Аёл кўнгли чил-чил синиб, қаттиқ тошга айланмайдими? Меҳр истаган қалби аламзадаликка тўлмайдими? Ойдек юзларида хўрланганлик аламининг заҳри қотиб қолмайдими? Айни шундай бўлади. Аёл суянишни истайди. Ўзининг бир мард кишиси бўлишини, бешафқат ҳаётнинг ҳамлаларидан ўша кишиси ҳимоя қилишини истайди. Ундай марди топилмаса, аёл хорлик кўрса, у гул эмас чаёнга айланади, чаёнга!
Ëзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ўзининг «Чаёнгул» номли қиссасида айнан «гул»нинг «чаён»га айланиш ҳолатини кўрсатиб берган.
Сюжет:
Қуйиқишлоқ номли қишлоқда яшовчи Чаман момонинг икки қизи ва бир ўғли бор. Катта қизи Гулгунни қўшни қишлоққа узатган. 4 ёшли набираси ҳам бор. 20 ёшли ўғли Ёқуб Тошкентда ўқийди. Кенжа қизи Гулшод 10-синф ўқувчиси.
Гулгун турмушга чиққанига 5 йил бўлибди ҳамки ҳалигача қайнона ва турмуш ўртоғи билан тил топишолмайди. Ўша машъум воқеа содир бўлган кун ҳам аразлаб келиб ўтирганди. Помидор теримига икки дугонаси билан чиқиб кетаётган Гулшод опасидан бугун уйда қолиш-қолмасини сўрайди. Гулгун қолмаслигини айтади.
Гулшод опаси билан озроқ ўтириш мақсадида икки дугонасини жўнатиб юборади. Аслида Гулгун бутунлайга келганди. Буни эса бироз вақт ўтгач айтади. Опасининг уйларида қолишини билган Гулшод дугоналарининг кетидан шошилади. Йўлни қисқартириш мақсадида сўқмоқдан юради. Кимсасиз сўқмоқ бўйидаги анҳорда Ашур исмли қишлоқ йигити балиқ тутаётган бўлади ва Гулшодни ёрдамга чақиради. Гулшод югуриб пақир олиб боради.
Орада Ашур қизнинг гўзаллигидан кўз узолмай қолади ва нияти бузилади. Қизга ташланиб, тегина бошлайди. Қиз ожизлик қилади. Амаллаб қутулиб кетай деган пайт Ашурнинг ҳали гўдак бўлган укаси Акбар келиб қолади ва акамни уряпти деб ўйлаб Гулшоднинг сочидан тортиб, йиқитади. Машъум ҳодиса содир бўлди...
Уйига додлаб келган Гулшодни кўрган Чаман момо адойи тамом бўлади. Воқеа жойига югуришади. У ерда Ашур, Акбар ва уларнинг дадаси Адҳам муаллим турарди. Аёлларнинг жаҳлини босишга ва бир ечимини топишга уринган муаллим 4-5 кундан кейин совчи юборишга ваъда бериб Гулшодларни уйига жўнатади.
Бир ҳафта ўтибдики совчидан дарак йўқ. Гулгун ва Чаман момонинг юрагига қўрқув тушади. Орада Ёқуб ҳам Тошкентдан келиб кетади. Аммо унга ҳеч нарса айтишмайди...
Бир куни Гулшод мактабда Акбарга дуч келади. Акбар: «Акам сизга барибир уйланмайди. Ойим рухсат бермади. Акамни тоғамларникига жўнатиб юбордик. Дадам касал ётибди», деб айтади. Гулшод қаттиқ тушкунликка тушади.
Аммо ўзини қўлга олиб, уйидагилар билан очилиб гаплаша бошлайди. Ўша куни қўшнисининг уйида тўй эди. Дугоналари билан тўйга киришга келишади. Чаман момони ҳам киргазиб юборади. Гулгун эса ўша кеч ишхонасида навбатчиликда эди.







