Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Заиф ахборот сиёсати, тилсиз парламент ва ўзгараётган қарашлар — Украинадаги уруш ва ўзбек жамияти
Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган босқинчилик урушига 1 йил тўлди. Роппа-роса бир йил аввал – 2022 йил 24 феврал тонгида Россия Украинага тўлиқ миқёсли босқинни бошлади ва бу II жаҳон урушидан бери бир давлатнинг бошқа давлатга қарши энг катта ҳужуми бўлди.
Охирги 12 ой ичида айни уруш сабаб минглаб аскарлар ва тинч аҳоли ҳалок бўлди, дунёдаги геосиёсий тартиб, вазият кескин ўзгарди.
Шунингдек, миллионлаб инсонларни бошпанасиз қолдирди, эмиграцияни оширди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича агентлиги маълумотларига кўра, 10 миллиондан ортиқ одам Украинани тарк этган. Уруш эса давом этмоқда.
Kun.uz мухбири бошланганига 1 йил тўлган уруш, ўтган вақт давомида ундаги ўзгаришлар, унинг ўзбек жамияти, давлатчилиги тафаккурида нималарни ўзгартиргани ва қандай якунланиши мумкинлиги ҳақида қатор жамоатчилик фаоллари билан интервью ўтказди.
Интервью меҳмонлари журналист, таржимон Карим Баҳриев, ёзувчи Улуғбек Ҳамдам ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бўлди.
— Урушни бошлангандан буён қандай кузатяпсиз? У бошланганда қандай қабул қилган эдингиз-у, ўтган даврда ўша фикрларингизда ўзгариш бўлдими?
Карим Баҳриев:
— Кузатиб юрган одам сифатида бу урушни Россиянинг Грузиядан бир ҳудудни тортиб олгани каби навбатдаги уруши деб ўйладик. Лекин ҳайратлантирган нарса: иккита бир-бирига жуда яқин халқ эди руслар ва украинлар. Ўзлари ўзларини есин, деган бир қараш бўлиши мумкин эди, аммо ўқиган, билган инсон сифатида ёмон воқеа бўлди, деб билдик. Бошқа бир давлатларда (Ироқ, Сурия каби) уруш бўлса, дунё ҳамжамияти қабул қилаверар эди, аммо бу урушни барча кескин қабул қилди. 3 кун ичида бўлмаса ҳам, бир неча ойда енгса керак деб ўйлагандик. Ҳаммамиз Россиянинг қудратини, армиясини буюклаштирган эканмиз. Кейин эса, аслида, армия ҳам, ундаги тартиблар ҳам коррупция ботқоғига ботган, қурол-яроғлари эскирган, аввалги кўтаринки руҳ йўқ экан, деган қарашлар бўлди ва бугун шундай эканига шукр ҳам қиляпмиз.
Улуғбек Ҳамдам:
— Умумий қарашларимда ўзгариш бўлгани йўқ. Урушни қоралаб қабул қилганман ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда постлар ҳам қолдирганман. Интервью ҳам қилинганди. Ва ҳозир ҳам бу урушни қоралайман. 21-асрда шундай бўлишини тасаввуримга сиғдира олмасдим. Ҳар хил шаклдаги урушларга гувоҳ бўляпмиз, лекин бунақа очиқдан очиқ, бутун дунё кўз ўнгида туҳмат билан бостириб кириш ва ўзини ҳақ деб ҳисоблаш мени қаттиқ ўйга солган. Бундай нарсалар ортда қолиб кетди, 21-аср одами бундай йўл тутмайди деб ўйлаган эдик, лекин чучварани хом санаган эканмиз. Ҳозирги кунда ҳам ғорда яшаган одамнинг тафаккури билан иш тутадиган раҳбар-лидерлар борлигига амин бўлдим.
Уруш бошланганда, бутун дунёни ларзага солган эди. Бугун ҳам кўриб турибмизки, сиёсий, иқтисодий, мафкуравий жиҳатдан бутун дунёни таъсирига олган бу уруш. Ҳалигача у ёки бу шаклда Путин сиёсатини оқлашга ҳаракат қилаётган одамлар борлиги мени ўйлантиради. Украина — мустақил давлат, ўз келажагини ўзи белгилашга ҳаққи бор, нима бўлган тақдирда ҳам. Ўйладимки, дунё идеал жамият қуриш йўлида ҳали тетапоя бўлиб турибди. Бу маънода ҳали жуда кўп йўл босиб ўтилиши керак экан. Бу ҳолатлар анча-мунча юрагимни парчалади. Дунё лидерлари, уларнинг қилаётган ишлари ва бошқаларнинг ҳаётини ўйинчоқ билиши: кўп қаватли уйларга бомбалар ёғдириш... Энг ёмони шуки, инсоният кўникди шу урушларга. Юрак «жиз» этмай қўйди.
Камолиддин Раббимов:
— Уруш бошланган пайт мен йўлда эдим. Танишларим телефонда уруш бошланди, деб айтишди. Украинага қарши махсус чекланган операция ўтказаётгандир, деган савол берганимда, улар Украинанинг йирик шаҳарлари бомбардимон бўляпти, деди. Бу хабардан ларзага тушганман. Чунки мен ҳам Украина тез йиқилишидан қўрққан эдим. Путинни яхши биламиз, унинг сиёсий қарашлари ўрганилган, унинг учун 20-асрдаги энг катта фожиа — СССРнинг тарқалиши. Яъни Путин ўзининг империалист эканини яширмаган. Кеча ҳам Россия парламентига мурожаатида бир гапни айтди, бунга кўпчилик эътибор бермади. Айтдики, Коллектив Ғарб бизнинг кечаги ватанимиз бўлган собиқ иттифоқнинг энг катта бўлаги Россияга қарши уруш олиб боряпти. Бу — аниқ-тиниқ айтилган фикр. Улуғ ватанимиз деганда, совет иттифоқини назарда тутяпти ва бу билан қолган давлатларнинг мустақиллигини тан олмаслигини билдиряпти. Қолаверса, Украинага қарши уруш кетаётган бир пайтда Россиянинг Молдовага қарши ҳар хил операциялари кучайган.
Украина тез енгилади ва кейин муқаррар босим Қозоғистонга бўлади, деб ўйлаган эдим. Агар Қозоғистон устидан стратегик назорат ўрнатилса, бу — Ўзбекистонга босим. Ва буни расмий Тошкент яхши билади. Яхшиямки, Украина ва унинг сиёсий элитаси ўзининг мустақиллиги учун курашга мутлақ тайёр экан. Бу эса Ўзбекистон давлатчилиги учун жудаям катта «бонус». Чунки биз билмаймизки, Қозоғистон, Ўзбекистонга босим бўлганда, бизнинг сиёсий элиталаримиз ўзини қандай тутар эди. Мана шу тафаккур кейинги бир йилда ўзгарди, айниқса кейинги 6 ойда. Россиянинг постсовет ҳудудида кейинги 20 йилда маҳорат билан парваришлаб борган геосиёсий босимининг «дами чиқяпти». Чунки геосиёсий босим жуда катта интеллектуал сиёсий жараён. Мигрантлар орқали, ахборот орқали, ҳудудий муаммолар орқали сигнал бериш — буларнинг барчасини жамлаганда, сиёсий элита тафаккурида ўша давлатга нисбатан қўрқув пайдо бўлади.
— Сизнингча, бу уруш ўзбек жамияти тафаккурида нималарни ўзгартирди?
Карим Баҳриев:

— СССР Афғонистонга бостириб кириб, бутун қишлоқларни ёқиб юборган, гўдаклар ўлган эди. Сурия ва Ироқда ҳам уруш бўлаётган эди. Яъни глобал дунёда урушлар мавжуд эди. Россия бизга яқин бўлгани, эртами-кечми бевосита бизга тегиши мумкин бўлгани учун урушни чуқурроқ тафаккур қила бошладик. Жамият ҳам, сиёсий элита ҳам секин-секин ўзгарди. Аввалбошда нейтраллик талаб қилинди, Ўзбекистон икки тарафда ҳам бўлмайди каби баёнотлар бўлди. Ўша пайтда «Озодлик радиоси» сўров ўтказган эди, биз ҳам интервью бергандик. Агар украиналиклар Россияга бостириб кириб, ўт қўйиб, болаларни ўлдирганда, мен Россия тарафида бўлар эдим, чунки у босқинчи бўлар эди, деган жавоб бергандим.
Чор Россиясининг босқинчилик сиёсати СССРга ҳам ўтди. Лениннинг барча халқлар ўз тақдирини ўзи белгилайди, деган ваъдаси бор эди, шунга ишонган эди одамлар. Аммо босқинчилик қилишда давом этди ва энди парчаланган ҳолатда ҳам шу сиёсат давом этяпти. Одамлар ҳам аста-секин Россиянинг империячилик сиёсати ва тарихдаги босқинчиликларини яхлит ҳолда кўра бошлади. Путинпараст одамлар эса ҳалиям бор. Лекин уруш бошланган вақт ва ҳозирга қарасангиз, ўзгаришни сезасиз.
Камолиддин Роббимов:
— Авваламбор уруш Ўзбекистон жамиятини икки қутбга ажратди. Чунки биз унга қадар Россия ва Украина уруши каби катта бир эҳтиросли феноменни кўрмаган эдик. Уруш бошлангандан кейин Ўзбекистон давлати ва жамияти нақадар Россия пропагандаси, ахборот ҳудудининг қурбони эканини кўрдик. Ўзбекистондаги Путин тарафдорлари рус пропагандаси қурбони. Уларда онгли танлаш имкони мавжуд эмас эди, пропаганда эса маҳорат билан қурилган машина. Айтмоқчиманки, уруш орқали бизнинг жамият ахборот нуқтаи назаридан давлатимиз стратегик заиф эканини кўрсатди. Иккинчидан эса жамият ўз позициясига, ўз манфаатларига эга эмаслигини ёки миллий манфаатларни англаш даражамиз ниҳоятда паст эканини кўрдик. Чунки урушда ким енгса, нима бўлиши ҳақида миллий консенсус мавжуд эмас. Фараз қилайлик, Украина енгилиб, тўлиқ Россия назорати ўрнатилди ва уруш тугади. Бунинг оқибати Ўзбекистон давлатчилиги учун ҳалокатли бўлади. Одамларимиз шу нарсани эшитади, тан олади ҳам, лекин барибир Путинни қўллашда давом этади. Ўзбекистондек аҳолиси 36 миллионлик давлатда ижтимоий сўровномалар ўтказилгани йўқ, бу — нотўғри нарса. Жамиятнинг урушга муносабати муттасил кузатиб борилиши керак. Чунки Ўзбекистонга ахборот босими бўладиган бўлса ёки Марказий Осиёда геосиёсий провокациялар бўлса, жамият, халқ ким тарафда бўлади, деган савол стратегик савол аслида.
Улуғбек Ҳамдам:

— Бу уруш нотўғри эканини англаган, билган ижтимоий фаоллар нари борса жамиятнинг 1 фоизини ташкил қилади, менимча. Бундай қарашлар нафақат Россия пропагандаси меваси, балки айни пайтда Россияда ишлаб келаётганларнинг ҳам бу давлатга бўлган симпатияси билан боғлиқ. Бизни боқяпти-ку, деган тушунча бор. Мигрантларнинг меҳнати Россияга керак, аслида. Яъни икки томонлама тенг шартнома бўляпти бунда. Ўша пулни бошқа жойдан ҳам топиш мумкин. Бир бурда нон топяпмиз, дея қўллаб-қувватлаш тўғри эмас. Бунинг учун зиёлиларнинг, айниқса ёзувчилар олдида жуда катта вазифа бор деб ўйлайман мен: тарихни бадиийлик билан очиб бериш керак.
Ўрта Осиё, Марказий Осиё деган номлар ҳам Туркистон номидан қочиш учун Сталин томонидан ўйлаб топилган, деган фикрлар беради тарихчилар. Ўрта Осиёни босиб олиш тушунчаси Россия зиёлиларида ҳам бор эди. Буюк ёзувчи Достоевский кундалигида маданиятсиз, қолоқ Ўрта Осиёни босиб олиб, уларга маданият бериб, одам қилишимиз керак, деган маънодаги ёзиқлари бор. Давлат раҳбарларига таъсири катта бўлган зиёлиларнинг. Бу — империячилик сиёсати. Бундай сиёсат ўтган асрларда қолиб кетгани эса ҳалиям уларга етиб боргани йўқ. 21-асрда бу ҳолатлар бўлиши мумкин эмаслигини тушунтиришимиз керак. Путин тўғри қилдими, нотўғри қилдими, деб муҳокама қиламиз. Биз бунга умуман бўлиши мумкин бўлмаган ҳодиса сифатида қарашимиз лозим! Бошқа бир мамлакатга бостириб киришни мутлақо мумкин эмас ҳодиса сифатида баҳолашимиз ва позициямиз шундай бўлиши керак. Шундагина биз урушга, зулмга қаратилган сиёсат моҳиятини тушуниб етамиз. Туркистон ҳам шундай парча-парча бўлиб кетди. Туркий деган ном парчалаб ташланди. Ленин, Сталин кабиларнинг келажакда бирлашмасин деган сиёсати бор эди ва афсуски, бу сиёсат изчил давом этиб келяпти.
— Урушнинг ўзбек давлатчилиги ва мустақиллиги учун аҳамияти борми ва бор бўлса қандай?
Камолиддин Раббимов:

— Ўзбекистон, Марказий Осиё ва бутун постсовет ҳудуди учун бу уруш стратегик аҳамиятга эга. Юқорида айтганимдек, Украина тезда йиқилмагани ва кейинги пайтда ташаббусни қўлига олаётгани — биз учун тарихий «бонус». Чунки Марказий Осиё шундай бир катта минтақаки, бу ердаги Россиянинг назорат қилиш салоҳияти юқори. Украина Россия таъсиридан чиқиб бўлди. Кавказ минтақа сифатида кичик ҳудуд. У ердаги уч республика аҳолиси 15-20 млнга бормайди. Марказий Осиёда 80 млндан ортиқ аҳоли яшайди ва бу жудаям катта макроҳудуд. Йиқилаётган Россия империяси энг катта эътиборни Марказий Осиёга қаратяпти. Яқинда Россия ўзининг дўст давлатлари рўйхатини эълон қилди, унда барча Марказий Осиё давлатлари бор. Агар Украина тез йиқилганда, кейинги босимлар Молдова ва Қозоғистонга бўларди. Чунки Қозоғистонга бўлаётган босимлар сўнгги 3 йилда ниҳоятда кучли. Яъни Қозоғистон ва Россия ўртасида стратегик совуқлик шаклланиб бўлди, энди ижобий муносабатга айланмайди.
Марказий Осиёда кейинги пайтларда тафаккур ўзгаряпти. Бутун дунёда Россия иккинчи ҳарбий қудрат деган «афсона» бор эди ва бу тўлақонли афсона экани маълум бўлди. Россия армияси совуққонлик билан ҳар бир нарсани ўз жойида амалга оширадиган ҳарбий машина эмаслиги маълум бўлди. Яъни Украинада қилинган хатолар шунчалик очиқ-ойдин кўриниб турибдики, мутахассис бўлмаган одам ҳам кўряпти. Марказий Осиё ва умумий постсовет ҳудудидаги давлатлар Россия ташаббусларига рад жавоби беришга салоҳият топяпти. Иккинчидан, Ўзбекистон давлатчилиги ва Россиядаги меҳнат муҳожирларимизнинг олдида Россия бўлади ёки бўлмайди деган танлов мавжуд эмас. Иккита танлов бор: империалистик Россия ёки ҳуқуқий демократик Россия.
Путин Россияси йиқилса, у йўқолиб кетмайди. У ҳуқуқийлашади. Ўша ерда ишлаб юрган меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқлари кўпроқ кафолатланган бўлади. Бу нуқтаи назардан қараганда, биз Россияга қарши эмасмиз. Россия Ўзбекистон учун абадий омил — у бор бўлган, бугун ҳам бор, келажакда аҳамияти ошиб боради. Бизнинг танлов империалист — бизни бўйсундиришга ҳаракат қилувчи, арзон ишчи сифатида кўрувчи Россиями ёки биз билан ҳисоблашадиган ҳуқуқий демократик Россиями, деган масала бор.

Карим Баҳриев:
— Собиқ иттифоқ давлатларининг тақдири муштарак бўлаётганини кўриш мумкин. Шунинг учун ҳам биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу урушнинг нима билан тугаши. Уруш бошланган пайтдаёқ агар Украина енгилса, навбат бошқа давлатларга келади, деган фикрлар айтилди. Бу фикрда якдилмиз ҳали ҳам. Мустақиллигимиз учун аҳамияти бор, албатта.
Мигрантлар масаласида гапирсак. Ўзбекистон халқини давлатнинг ўзида иш билан таъминлаш имконсиз. Чунки ҳар йили миллионга яқин бола туғиляпти. Давлат минг уриниш билан, қўшиб ёзишлар билан 200-300 минг иш ўрни яратади. Масалан, Бангладешда 4 та миграция агентлиги бор: бири жўнатиш билан, бири ўқитиш, бири мигрантларнинг соғлиғи, муаммолари билан шуғулланади, яна бирида ёрдам фондлари бор. Ўзбекистоннинг ҳамма жойини завод-фабрикаларга тўлдириб ташласа ҳам, иш топиб бериш қийин, бундан ташқари, экологияга ҳам тўғри келмайди бу. Одамларимиз чет элда ишлашга мажбур. Давлатнинг олдидаги асосий вазифа мигрантларни касбга, тилга ўргатиш керак. Россиянинг бир босимидан қутулиш учун мигрантлар оқимини ривожланган давлатларга йўналтириш керак. Биринчидан, кўпроқ пул топади; иккинчидан, тил ўрганади, тажриба бўлади; учинчидан, ўша ердаги технология ва соҳаларни ўзимизда жорий қилади. Кореяда ишлаб келиб ўзимизда шундай технологияларни олиб келган йигитларни кўрганман. Айнан шу руспарастлик омилларини йўқотиш учун бу нарсалар устида ишлаш керак.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров сукҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026